Ўйин вақтида чақмоқ урган футболчи вафот этди

Sport

image

Малайзиянинг Малакка шаҳрида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви вақтида футболчи Р. Танеш чақмоқ уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “Astro Awani” нашри хабар берди.

28 ёшли Танеш “Танжунг Миняк” клуби сафида “Рембау Индиан Ветеран” жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган. Баҳс маҳаллий вақт билан соат 17:30 да бошланган. Учрашув бошланганидан ўн дақиқа ўтиб енгил ёмғир ёға бошлаган, ортидан эса момақалдироқ гумбурлаган. Шу пайтда Танеш, ҳакам ҳамда яна бир киши майдонда йиқилган.

Полиция маълумотига кўра, футболчининг танасининг пастки қисми қаттиқ куйган. У ҳушсиз ҳолатда шахсий автомашинада шифохонага олиб борилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Ҳакам ҳам шифохонага ётқизилган, учинчи жабрланувчига эса тиббий ёрдам талаб этилмаган.

Малайзия футбол ассоциацияси (FAM) марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, маҳаллий футбол ассоциацияси ҳамда учрашув ташкилотчиларидан ҳодиса юзасидан тўлиқ ҳисобот тақдим этишни талаб қилган.

“Бу воқеа футбол жамоатчилиги учун хавфсизлик ҳар доим энг устувор масала бўлиши кераклигини яна бир бор эслатади. Биз реал вақт режимида хавф ҳақида огоҳлантира оладиган чақмоқни аниқлаш тизимларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаймиз. Об-ҳаво шароити сабабли ўйинни тўхтатиш ёки бошқа вақтга қолдириш — бу масъулиятли қарор, заифлик аломати эмас”, деди FAM бош котиби Датук Нур Азман Раҳмон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентинада футбол ўйини вақтида 14 ёшли футболчи кўкрагига тўп тегиши оқибатида вафот этганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends