Ўрмондан топилган миллионлар Орбаннинг партияси устидан тупроқ тортиши мумкин

World

−

image

Венгрия собиқ бош вазири Виктор Орбан ўз ҳукумати коррупциядан холи бўлганини айтиб, “тоза” вазирлари учун кафиллик берганидан бир кун ҳам ўтмай, полиция уларнинг фаолиятини тергов қилиш доирасида тахминан 20 миллион доллар миқдоридаги нақд пулларни топди. Форинт, евро ва доллар солинган дасталар ўрмондаги, омборхона ва саройлардаги махфий жойларга яшириб қўйилган. Ушбу “топилма” сўнгги 16 йил давомида мамлакатни бошқариб келган Орбаннинг бир пайтлар енгилмас бўлган “Фидес” партиясини инқироз кўчасига олиб кириб қўйди. Бу ҳақда “Bloomberg” ёзмоқда.

“Фидес” 38 йил яшади. Ҳаммаси тугади. Энди сизларни қутқариб бўлмайди”, дея нутқ сўзлаган Бош вазир Петер Мадьяр кеча, 17 ноябрь куни парламентда. 

21-тадқиқот институти томонидан ўтказилган ва 16 ноябрь куни эълон қилинган сўровнома натижаларига кўра, 12 апрель кунги сайловларда 36 фоиз овоз олган “Фидес” партиясини ҳозирда потенциал сайловчиларнинг атиги 24 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Парламентда конституциявий кўпчилик ўринни қўлга киритган Мадьярнинг “Тиса” партиясини қўллаб-қувватлаш даражаси эса худди шу давр мобайнида 56 фоиздан 65 фоизгача ошган.
 
Эслатиб ўтамиз, Будапештда, шунингдек, Пешт, Бекеш ва Ноград округларидаги турли жойлардан нақд пуллар топилганди. Нақд пул дасталари акс этган кадрлар телевидение орқали намойиш этилган. Молия вазири Андраш Карманнинг сўзларига кўра, унинг идорасидаги 12 нафар ходим саккиз соат давомида бешта пул санаш машинасида банкноталарни санаб чиққан.

Пуллар собиқ иқтисодий тараққиёт вазири Миклош Шестакка нисбатан олиб борилаётган тергов жараёнида аниқланган. “Тозаловчи олов операцияси” деб номланган кенг кўламли антикоррупция кампанияси давомида аллақачон бир неча собиқ юқори мартабали амалдорлар ушланган, ҳибсга олинган ёки сўроқ қилинган. Улар орасида Шестакдан ташқари бир қатор вазирлар, Орбан ўзининг ўнг қўли деб атаган Марказий банкнинг собиқ раиси ва собиқ иқтисодиёт вазири Дьёрдь Матолчи ҳамда собиқ етакчининг укаси Арон ҳам бор.

“Фидес” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Тибор Наврачич ҳибсда сақланаётган, бироқ ўз айбини рад этаётган Шестакни депутатлик ваколатларини топширишга чақирган. Наврачичнинг айтишича, агар партия ўзининг сиёсий келажагини таъминлашни ва жамият ишончини қайтаришни истаса, “туб ўзгаришларга“ муҳтож, “хатоларни тан олиши” ва ўз сафларида тартиб ўрнатиши керак. У пул яширилган махфий жойлар билан боғлиқ воқеани “ўта ташвишли ва шармандали ҳолат” деб атаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends