Урганчда BYD ҳайдовчиси 3 та автомобилни қасддан шикастлади (видео)
Crime
−
11:15 7601 2 minutes
Хоразмда BYD автомашинаси ҳайдовчиси қасддан атрофда турган бир нечта автомобилларга шикаст етказиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Бу ҳақда вилоят ИИБнинг ахборот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида BYD русумли автомашина ҳайдовчиси томонидан бир неча транспорт воситасига шикаст етказилаётганлиги акс этган видеолавҳалар тарқалди. Вилоят ИИБ томонидан тарқалган видео юзасидан расмий муносабат берилди.
Унда қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 4 август куни Урганч шаҳрининг “Истиқлол” маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Шу маҳаллада яшовчи, 2000 йилда туғилган Ш.B. ҳамда Урганч туманининг “Шерматлар” маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган Х.B. ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.
Шундан сўнг, Х.B. ўзига тегишли бўлган қора рангли BYD Chazor русумли автомашинани кескин бошқариб, Ш.B. га тегишли Cobalt русумли автомашинага, шунингдек, воқеа жойида тўхтаб турган бошқа фуқароларга тегишли оқ рангли BYD Chazor ҳамда Damas русумли автомашиналарга қасддан шикаст етказган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида транспорт воситалари техник шикастланган бўлиб, фуқароларга тан жароҳати етмаган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан “Ташвиш тугмаси” орқали келиб тушган хабарга асосан воқеа жойига зудлик билан етиб борган Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарнинг ҳаракатлари тўхтатилиб, иштирокчиларнинг барчаси Ички ишлар органига олиб борилган.
Билдирилишича, ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Cobalt русумидаги машина ҳайдовчиси автомобилларга шикаст етказиб, ИИО ходимларининг талабига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирганди.
Live
All