Ўлат хавфи: Трамп Россияга ёрдам таклиф қилди
World
−
13:52 2120 3 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат касаллиги тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга муносабат билдириб, ўз ёрдамини таклиф этди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 5 октябрь куни Дональд Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда ўлатни ўрганиш билан шуғулланувчи Иркутск илмий-тадқиқот институти ходими вафот этганидан сўнг Россияга ёрдам таклиф қилган.
“Биз ёрдам берамиз. Биз ҳамиша шу каби муаммоларга дуч келганларга ёрдам қўлини узатамиз”, дейди Трамп журналистларга.
У ушбу ҳодисани Россия расмийлари билан муҳокама қилмаганини айтган, аммо ўлатни “оғир касаллик” деб атаган.
“Илгари биз бу касалликни назорат қила олар эдик. Қандайдир тарзда бу микроблар тобора кучлироқ бўлиб бормоқда – улар худди армияга ўхшайди”, дея қўшимча қилган Трамп.
Шунингдек, телеканал АҚШ Давлат департаментидаги ўз манбасидан изоҳ олган.
“Биз Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳамда бошқа идоралараро ҳамкорларимиз билан биргаликда вазиятни синчковлик билан кузатиб боряпмиз. Кўплаб тафсилотлар ҳозирча тасдиқланмаган. Биз Россия расмийларини ишончли маълумотларни тезкор ва очиқ равишда баҳам кўришга чақирамиз”, дейилади изоҳда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) телеканал сўровига жавобан ўлим сабаби ҳозирча тасдиқланмаганини, таҳлиллар эса давом этаётганини маълум қилган. Ташкилот Россия расмийлари билан алоқада бўлиб турганини ва зарур бўлган тақдирда ёрдам таклиф этганини таъкидлаган, бироқ мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб, аҳоли учун хавф даражасини паст деб баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия расмийлари жорий йилнинг 29 сентябрь куни Иркутск ўлатга қарши курашиш институти ходимаси оғир пневмония симптомлари билан шифохонага ётқизилгани ва 1 дан 2 октябрга ўтар кечаси вафот этганини хабар қилган эди.
ОАВ у ўлат қурбони бўлгани ҳақида ёзган. Тахминлардан бирига кўра, 27 ёшли аёл Мўғулистон билан чегарада ўлат ўчоғи қайд этилган Бурятияга хизмат сафаридан қайтган. Бошқа бир тахминга кўра эса, у лабораторияда хавфли бактерия солинган пробиркани тасодифан синдириб юборган. Аёлнинг ўлимидан сўнг у ётқизилган Шелехов шифохонаси карантинга ёпилган, шунингдек, марҳума билан мулоқотда бўлган 189 киши аниқланиб, шифохонага жойлаштирилган. Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев ушбу одамларда касаллик белгилари аниқланмаганини маълум қилган.
Ушбу воқеалар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эҳтиёт чораларини кучайтирди. Хусусан, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ўта хавфли инфекцияларнинг кириб келишининг олдини олиш учун масъул хизматларнинг шайлигини оширди.
Шунингдек, 3 октябрь куни Байкалск шаҳри маъмурияти фуқароларни Шелеховга бормасликка чақирган. Кейинчалик бу хабар ўчириб ташланган. Жорий йилнинг 4 октябрь куни эса Иркутскдаги бир нечта шифохоналарда уч ҳафталик карантин жорий этилган.
Россия расмийлари эса унинг ўлатдан вафот этганини тасдиқламаган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) беморга “келиб чиқиши номаълум пневмония” ташхиси қўйилганини билдирган.
Live
All