Украинада Patriot ракеталари тугади – CNN

World

−

image

Украинада АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар тугади. Бу эса мамлакатни Россиянинг баллистик ракета ҳужумлари олдида янада заиф ҳолатга солиб қўйди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага таяниб, CNN хабар берди.

Бу ҳолат АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги зиддият кескинлашган бир пайтда юз берган. Сўнгги кунларда Оқ уй Россиядан дизель ёнилғисини импорт қилиш бўйича танқидга учраган келишувни тузди ва Киевга Россия нефть инфратузилмасига зарбаларни тўхтатиш учун босимни кучайтирди.

CNN манбасининг айтишича, Россиянинг сўнгги ҳужуми вақтида учирилган баллистик ракеталарнинг “деярли барчаси тутиб қолувчи ракеталар етишмагани сабабли уриб туширилмаган”.

Жорий йилнинг 14 октябрь куни эрта тонгда Россия Киевдаги учта электр станциясига баллистик ракеталар билан зарба берган. Шунингдек, Харьковдаги энергетика инфратузилмасини нишонга олган. Ҳужум оқибатида Киевда тўрт киши ҳалок бўлиб, 25 киши яраланган.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳужум вақтида Россиянинг тўртта баллистик ракетаси уриб туширилганини билдирган. CNN бу ҳолат Украина ўзидаги Patriot ракеталарининг сўнгги захираларидан фойдаланган бўлиши мумкинлигини кўрсатишини ёзган.

Украинада бундай ракеталар биринчи марта тугаб қолаётгани йўқ. Август ойида Зеленский CNN’га мамлакат зудлик билан зарур бўлган Patriot ракеталарининг атиги ўндан бир қисмига эга эканини айтганди. Ўша пайтда Украина расмийлари ҳам ракеталар захираси деярли тугаганини маълум қилган.

Бир ой ўтгач, Зеленский АҚШдан Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш учун лицензия олишларини айтган. Бироқ Трамп бунга розилигини билдирмаган ва лицензия берилмаган. Жорий йилнинг 14 октябрь куни Зеленский яна АҚШдан қўшимча ракеталар сўраган.

“АҚШ Президенти куч, адолат ва тажовузкорга босим ўтказиш орқали тинчликни яқинлаштириш учун барча самарали ва зарур воситаларга эга. Украинага қўшимча Patriot ракеталарини етказиб беришингизни сўраймиз”, деган у.

CNN хабарига кўра, Трамп маъмурияти шу ҳафта бошида Украина ва Европадаги иттифоқчиларни, агар Киев Россиянинг энергетика объектларига узоқ масофали зарбаларни тўхтатмаса, АҚШ Европа давлатларининг Америка қуролларини харид қилишини ҳамда Украина билан разведка маълумотларини алмашишни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда икки нафар европалик расмий маълум қилган.

Бундай қарор Patriot ракеталарининг Украинага келгусида етказиб берилишига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунга қарамай, Трамп АҚШ Украина билан разведка маълумотларини алмашишни тўхтатмаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия ўз захирасидаги Америкада ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун мўлжалланган PAC-2 зенит ракеталарининг бир қисмини Украинага етказиб бериши ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends