Украинада бир соатлик ҳаво ҳужуми хавфи қанчага тушмоқда?

World

−

image

Украинада ҳаво ҳужуми ҳақидаги сигнал сабаб корхоналар фаолияти тўхтатиладиган ҳар бир соат мамлакат иқтисодиётига 45 миллион долларга тушмоқда. Бу ҳақда Украина Иқтисодиёт ва экология вазири Александр Кравченко “The Guardian” нашрига маълум қилди.

Қайд этилишича, Россиянинг ҳужумлари иқтисодиётнинг катта қисмининг фаолиятини тўхтатишга мажбур қилмоқда. Ходимлар бомба бошпаналарига юборилади, ҳаво ҳужуми сиреналари эса кунига 10 соатгача янграши мумкин.

“Биз охиригача олдиндан кўра олмаган жиҳатлардан бири Россиянинг реактив двигателли дронларни қанчалик тез ишлаб чиқиши ва улардан турли нишонларга ҳужум қилишда фойдаланишни бошлаши бўлди”, деган Кравченко.

Вазирнинг сўзларига кўра, корхоналарнинг ярмидан кўпи “сариқ” хавф даражаси вақтида ҳам ишлашда давом этган. Бироқ “сариқ” хавф даражаси хавфсизлик кафолатини бермайди. Бу ҳолат жорий йилнинг 28 сентябрь куни яққол намоён бўлди. Ўшанда Россиянинг реактив двигателли дрони Киев марказидаги Миллий фанлар академияси биносига “сариқ” хавф даражаси вақтида урилган. Оқибатда ўша пайтда бинода ишлаётган 2 киши ҳалок бўлган.

Кравченконинг билдиришича, фақат жорий йилнинг ўзида Россия ҳужумлари Украина асосий воситаларига қарийб 10 миллиард доллар миқдорида зарар етказган. Ҳужумлар нишонлари орасида металлургия заводлари, омборлар, логистика инфратузилмаси ва яқинда маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳам бўлган.

Бундан ташқари, Россия Украина экспортининг асосий қисми амалга оширилган Қора денгиз портларини амалда блоклаб қўйган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Киев ҳозир Европа Иттифоқи, Япония, Канада ва Буюк Британиядан қўшимча ёрдам олишга интилмоқда. Хусусан, келгуси йилга режалаштирилган кредитларни муддатидан олдин ажратиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Маълумот учун, Кривой Рог шаҳри саноат корхоналаридан тушадиган солиқ тушумлари камайгани сабаб шаҳар бюджетини қисқартириш ва айрим ривожланиш лойиҳаларини тўхтатишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Украина металлургия саноатида мутлақ антирекорд қайд этилганди. Сўнгги 100 йил ичида илк бор мамлакат корхоналари бир тонна ҳам пўлат эритмаганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends