Украинада бир қатор вазирлар истеъфога чиққанини эълон қилди

World

−

image

Украинанинг бир қанча вазирлари Олий Радага (парламентга) ўз истеъфоларини тақдим этди. Бу ҳақда Олий Рада спикери Руслан Стефанчук маълум қилди.

Ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризалар қуйидагилар томонидан тақдим этилган:

  • Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Руслан Стрелец;
  • Стратегик саноат вазири Александр Камишин;
  • Адлия вазири Денис Малюська;
  • Давлат мулки жамғармаси раҳбари Виталий Коваль.

“Барча аризалар кейинги ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилади”, дейди Стефанчук.

Александр Камишин ўзининг Telegram-каналида мудофаа саноати соҳасида ишлашда давом этиши, аммо бошқа лавозимда ишлаши ҳақида маълум қилди.

Денис Малюська 2019 йил 29 август куни Адлия вазири лавозимини эгаллаган эди. У Президентнинг “Халқ хизматчиси” партияси аъзоси. Украина оммавий ахборот воситалари, жумладан “Зеркало Недели” у июль ойи ўрталарида истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзганини хабар қилганди.

Александр Камишин 2023 йил март ойида Украинанинг Стратегик саноат вазири бўлди. Бунгача у “Укрзализница” (Украина темир йўллари) бошқаруви раиси бўлган.

Руслан Стрелец 2022 йил апрелидан Украина Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазири, 2021 йил ноябридан эса вақтинчалик ушбу вазирлик раҳбари вазифасини бажариб келаётган эди. Бунгача у Днепропетровск вилояти маъмуриятида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 30 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешукни ишдан бўшатган эди. Унинг ўрнини генерал-лейтенант Анатолий Кривоножко қўмондон вазифасини бажарувчи сифатида эгаллади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends