Украина Белгороддаги университетга зарба берди (видео)

World

image

Украина бугун, 3 августга ўтар кечаси Россиянинг Белгород шаҳридаги дронлар ишлаб чиқиладиган университетга зарба берди. Бу ҳақда “The Moscow Times“ хабар берди.

Маълум қилинишича, Белгородга уюштирилган кенг кўламли дрон ҳужуми чоғида В.Г. Шухов номидаги Белгород давлат технология университети биноси нишонга олинган. Бир неча зарбадан сўнг ўқув муассасаси ҳудудида ёнғин юзага келган ва бинолардан бири бутунлай ёниб кетган.

Қайд этилишича, ушбу бинода “Миландр” микропроцессори асосида учувчисиз учиш аппаратларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган. Университет мазкур лойиҳа электр узатиш тармоқлари, иссиқлик қувурлари ҳамда аэрофотосуратга олиш каби фуқаролик мақсадларида қўлланишини билдирган.

Шунингдек, жорий йилнинг ёзида олийгоҳ мактаб ўқувчилари учун дронлар яратиш бўйича ёзги ўқув дастурига қабул эълон қилган. Россия расмийлари университетга берилган зарба юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Украина дронлари бугун, 3 август тонгида Россиянинг Владимир вилоятида жойлашган Wildberries маркетплейсининг логистика марказига яна зарба берган эди. Ҳужум оқибатида логистика маркази биносида ёнғин чиққан. Компания маълумотига кўра, барча ходимлар эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида ҳеч ким жабрланмаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends