UEFA сариқ карточкалар бўйича янги қоидаларни жорий қилди

Sport

image

UEFA Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасининг гуруҳ босқичида сариқ карточкалар тўпланишига оид янги қоидаларни эълон қилди. Бу ҳақда “The Mirror” нашри хабар берди.

Янги тартибга кўра, лига босқичида футболчилар ва жамоа расмийлари майдондан четлатилишга сабаб бўлмаган 4 та сариқ карточка олганидан сўнг бир ўйинга дисквалификация қилинади. Кейинги дисквалификациялар эса ҳар бир жуфт рақамли сариқ карточкадан кейин – олтинчи, саккизинчи ва ҳоказоларда қўлланилади.

Европа мусобақаларининг саралаш босқичида эса амалдаги тартиб сақланиб қолади. Унга кўра, четлатилишга сабаб бўлмаган 3 та сариқ карточкадан кейин футболчи бир ўйинга четлатилади.

Кейинги дисквалификациялар эса ҳар бир тоқ рақамли карточкадан кейин – бешинчи, еттинчи ва ҳоказоларда амал қилади.

UEFA ушбу ўзгаришларни 2024–2025 йилги мавсумдан амалга оширилган мусобақалар ислоҳоти билан изоҳлади. Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида лига босқичи ўйинлари сони олтитадан саккизтага оширилгани сабабли, сариқ карточкалар йиғилиши ортидан дисквалификациялар сони ҳам кўпайган.

Янги қоидалар ўйинлар сони билан рухсат этилган сариқ карточкалар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу тартиб Конференциялар лигасига ҳам татбиқ этилади. Гарчи мазкур мусобақада лига босқичи ҳозирча 6 та ўйиндан иборат бўлса-да, UEFA бу қарорни қишки трансферлар ойнасида турли Европа мусобақаларида иштирок этаётган клублар ўртасида футболчиларнинг кўчиб ўтиши эҳтимоли билан изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар лигаси 2025–2026 йилги мавсумда Франциянинг ПСЖ жамоаси “Арсенал”ни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи мавсум чемпионликни қўлга киритганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends