Туркиядаги ўзбекистонлик келин ҳеч қаерга қочиб кетмаган – Бош консуллик
Local
−
17:25 1686 2 minutes
Аввалроқ, Туркиянинг Муғла вилояти Милас туманида Ўзбекистон фуқароси, 28 ёшли М.Б. уч кеча-ю, уч кундуз давом этган тўйидан сўнг уйда қолган тилла ва зийнат буюмлари билан бирга ғойиб бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, М.Б. ҳеч қаерга қочиб кетмаган ва ҳозирда Милас ҳудудида. У ўз ихтиёри билан маҳаллий полиция бўлимига бориб, ҳолат юзасидан кўрсатма берган.
Маълум қилинишича, М.Б. ўзига нисбатан билдирилган даъволарни рад этиб, тўйда тақилган тилла буюмларни онаси билан биргаликда қайнотасига топширганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қайнотаси кейинчалик ушбу тиллаларни кредит ва бошқа қарзларини тўлаш учун сотганини ўзаро ёзишмаларда қайд этган.
М.Б. тегишли ёзишмалар ҳамда тилла буюмларни топшириш жараёни акс этган видеоматериалларни Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этганини маълум қилган. Айни пайтда томонларнинг ўзаро даъволари юзасидан Туркиянинг ваколатли органлари томонидан суриштирув давом эттирилмоқда.
“Шу муносабат билан, тергов якунига қадар ҳолат юзасидан бир томонлама хулоса чиқариш ҳамда тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишдан тийилиш сўралади. Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни кузатиб бормоқда ҳамда зарурат туғилганда фуқарога белгиланган тартибда консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик 36 ёшли аёл 56 ёшли севгилиси Ражаб Ўндердан 900 000 турк лираси (тахминан 20 000 доллар) олиб, уни алдаб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик аёл бу иддаони рад қилиб, ундан бу миқдордаги пулни олмаганини билдирган. Кейинроқ у ҳибсга олинди ва Ўзбекистон томони, хусусан, “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ёрдамида озодликка чиқди.
Live
All