Туркия ва Озарбайжон ўртасига тушмоқчи бўлганлар мақсадига эришолмайди – Эрдўған (видео)
World
−
18:08 1156 3 minutes
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги биродарликни заифлаштиришга уринаётган кучлар ҳеч қачон мақсадига эриша олмаслигини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 8 ноябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида гапирди.
Эрдўғаннинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихдаги турли синовлардан ўтиб, бугунги юксак даражага етган. У Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги яқинликни “Бир миллат, икки давлат” шиори билан ифодалаган.
“Бу қалб бирлиги муштарак ўтмишимиздан куч олиб, келажагимизга нур сочувчи сўнмас машъалди”, дейди Туркия раҳбари.
Шунингдек, Эрдўған Озарбайжоннинг 44 кунлик уруш оқибатида ўз ҳудудларини босқиндан озод қилиши Жанубий Кавказда янги давр бошланишига йўл очганини айтган.
У 2021 йилнинг 15 июнь куни Шуша шаҳрида имзоланган декларацияни ҳам эслатиб, ушбу ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги биродарликни иттифоқчилик даражасида мустаҳкамлаганини таъкидлаган.
“Биродарлигимизни заифлаштиришни истаганлар кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам ўз мақсадларига асло эриша олмайди”, дейди Эрдўған.
Туркия Президенти Озарбайжоннинг Қорабоғни қайта тиклаш ва минтақани аввалги жонли ҳаётига қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Анқара Бакунинг ўз ҳуқуқлари учун курашини, шунингдек, минтақада барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Ўз навбатида, Илҳом Алиев ҳам Туркия билан муносабатлар мустаҳкамлигини таъкидлаган. У Иккинчи Қорабоғ уруши давомида Туркия ва унинг халқи Озарбайжонни қўллаб-қувватлаганини қайд этган.
“44 кун давомида сиз ва биродар Туркия халқи бизнинг ёнимизда бўлдингиз. Бу ҳеч қачон унутилмайди”, деди Алиев Эрдўғанга қарата.
Озарбайжон Президенти Туркия ва Озарбайжон бирлиги абадий ва мустаҳкам эканини таъкидлаб, икки давлат ўртасига киришга уринаётганлар ҳеч қачон муваффақият қозона олмаслигини айтган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги ойларда Анқара ва Баку ўртасидаги муносабатларда бир қатор масалалар бўйича келишмовчиликлар юзага келди. Сентябрь ойида Озарбайжон ҳукумати давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиришлар киритди. Янги меъёрлар ягона мактаб формаси стандартини бузувчи ёки таълимнинг дунёвий хусусиятига мос келмайдиган кийим элементларини тақиқлайди.
Қарор Туркияда, жумладан, юқори сиёсий даражада танқидларга сабаб бўлди. Озарбайжон парламенти депутати Жайҳун Мамедов журналистларга ислоҳот таълим муассасаларида диний, этник ва ижтимоий-иқтисодий фарқларни бартараф этишга қаратилганини изоҳлади. Ҳужжатда “ҳижоб” сўзи тилга олинмаган бўлса-да, ўзгартиришлар уни ўрашга ҳам дахлдор бўлди.

Кейинчалик Озарбайжон ТИВ республикада ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга чақиргани учун 31 нафар Туркия фуқаросини номақбул шахслар рўйхатига киритди. Бунга қадар Озарбайжон Бош прокуратураси мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга очиқдан очиқ чақириқлар қилиш бўйича жиноят иши доирасида етти нафар Туркия фуқаросини халқаро қидирувга берган эди.
Эслатиб ўтамиз, муносабатлар совуқлашуви фонида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этмаганди.
Live
All