Туркий давлатлар фуқаролари ўзаро хорижий паспортсиз саёҳат қилиши мумкин бўлади

Local

image

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари аэропортлардаги паспорт назорати билан боғлиқ янги тизимни амалиётга жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу тартиб кучга кирса, Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларидаги каби туркий давлатлар фуқаролари учун алоҳида назорат пункти ташкил этилади. Бу ҳақда “Turizm Güncel” хабар берди.

Қайд этилишича, бу орқали ТДТ мамлакатлари ўртасида саёҳат қилувчиларнинг аэропортлардаги назорат пунктларидан янада тезроқ ўтиши таъминланади. Ишлаб чиқилаётган моделга кўра, ТДТ мамлакатлари фуқаролари ушбу амалиёт жорий этилган аэропортларда айнан улар учун ажратилган паспорт назорати пунктларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Режалаштирилаётган амалиёт Европа Иттифоқи мамлакатлари аэропортларида қўлланиладиган моделнинг муқобили бўлади.

Янги тизим бўйича дастлабки ишлар жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг Ички ишлар вазирлари 3-йиғилишидан сўнг эълон қилинган.

Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи аъзо мамлакатлар ўртасидаги сафарларни енгиллаштиришга қаратилган ишлар олиб борилаётгани ва аэропортларда алоҳида паспорт назорати пунктларини ташкил этиш кун тартибида турганини маълум қилган.

Ушбу тартибнинг биринчи бўлиб қайси мамлакатда қўлланилишига ҳали тўлиқ аниқлик киритилгани йўқ. Тизимнинг барча аъзо мамлакатларда бир вақтнинг ўзида ёки босқичма-босқич жорий этилиши ҳам ҳозирча номаълум. Амалиёт кучга кирадиган сана ҳам ҳали аниқ эмас. Ишлар якунлангач, тизимнинг қамрови ва аэропортлардаги амалиётга оид тафсилотлар эълон қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, Туркия ва Озарбайжон ўртасида 2021 йилдан бери қўлланиб келинаётган ID-карта (шахсни тасдиқловчи ҳужжат) билан саёҳат қилиш модели бошқа аъзо мамлакатларга ҳам оммалаштирилади. Мамлакатларнинг янги авлод ID-карталарини сафар ҳужжати сифатида тан олиши ва чегара тизимларини шунга мослаштириши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Ички ишлар вазирларининг 3-йиғилишида туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганини маълум қилиб, у йиғилишда Интерпол ва Европолга ўхшаш Туркпол номли ташкилот тузишни таклиф қилганини билдирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends