“Тўқликка шўхлик”. Туркманистонда одамлар гўшт нархи сабаб бош кўтарди
World
−
06:56 6742 3 minutes
Жорий йилнинг 21 август куни Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида гўштнинг қимматлиги сабабли стихияли норозилик юз берди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “Turkmen.news” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳаддан ташқари юқори нарх маҳаллий “Яшил бозор”нинг гўшт бўлимидаги харидорларнинг ғазабини келтирган. Одамлар гўшт нархидан ва шу билан бирга ўзларининг кам иш ҳақидан баланд овозда норозилик билдира бошлаган. Оломонни тинчлантириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари етиб келган. Тушунтириш ишлари олиб борган полициячилардан фарқли ўлароқ, Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) вакиллари уларни зудлик билан қўлга олишни буюрган.
Одамларнинг бир қисми ҳақиқатан ҳам ушланган, бунда айнан кимларни ушлаш кераклигини махсус хизмат вакиллари кўрсатиб турган. Асосан энг фаол норозилик билдирган ёши катта эркаклар ва ёш йигитлар олиб кетилган. Ҳатто баланд овозда норозилик билдирган аёллар ушланмаган.
Воқеа иштирокчиларини МХВ ходимининг уларга айтган “тўқликка шўхлик қилаётганликлари” ва “агар кўп гапиришса, умуман гўштсиз қолишлари” ҳақидаги гаплари ғазабга келтирган. Шундан сўнг, аёллар ходимга ташланиб, сўка бошлаган ва унинг ўз фарзандлари ҳар куни гўшт ейишини айтган. Бунга жавобан ходим кулиб юборган ва бу одамларнинг ғазабини янада оширган.
Ғалаён ва уни бостириш икки соатча давом этган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар харидорларнинг содир бўлаётган воқеаларни видеога олишга бўлган ҳар қандай уринишларини бартараф этган. Қўлга олинганларни нима кутаётгани ҳозирча номаълум.
Манба Лебапда одамларнинг норозилигига олиб келган аниқ озиқ-овқат вазияти ҳақида сўзлаб берган. Маълумотларга кўра, Ашхободда гўшт нархлари қуйидагича: суякли мол гўштининг бир килограмми 130 манатдан (бозор курси бўйича 6,8 доллар), лаҳм гўшт 170 манатдан, қийма эса 150-250 манатдан сотилмоқда. Нашрнинг ёзишича, ҳатто пойтахтда ҳам гўшт сотиб олишга қурби етадиган одамлар камайиб бормоқда. Улар товуқ гўштига ўтмоқда.
Мижозларнинг сўзларига кўра, Туркманободда ҳам аҳвол яхши эмас. “Яшил бозор”да бир килограмм суякли мол гўшти 150 манатдан, лаҳм гўшт эса ундан ҳам қиммат – 180 манатгача туради. Туркманободликларнинг иш ҳақи пойтахт аҳолисиникига қараганда пастроқ. Кўпчиликда у тахминан 1400 манатни (73 доллар) ташкил этади. Шу билан бирга, маҳаллий бозорда дефицит айнан пойтахтдаги талаб сабабли ортиб бормоқда.
“Чорва ушлаб турилган қишлоқларга ашхободликлар келиб, ҳаммасини сотиб олишмоқда. Ҳайвонларни шу ернинг ўзида сўйиб, музлатгичли фурага ортишади ва олиб кетишади”, дейди манба.
Унга таниш қассобининг айтишича, махсус хизматлар қассоблар ва гўшт сотувчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказмоқда. Уларга нархлар бўйича харидорлар билан тортишмаслик ҳақида кўрсатма берилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Туркманистонда гўшт маҳсулотлари нархининг сезиларли даражада ошиши бир қатор сабаблар билан давом этмоқда. Маълум қилинишича, Ашхободда сотиш учун гўштни оммавий равишда ғамлаб қўядиган харидорлардан ташқари, уни Täze Aý колбаса ишлаб чиқарувчиси ҳам фаол равишда сотиб олмоқда. Бундан ташқари, сотувчи-фермерлар қишга бориб маҳсулот янада қимматлашади – бир ярим-икки бараварга ошади, деган ҳисоб билан маҳсулотнинг бир қисмини ушлаб турибди.
Манба сабаблар орасида чорвадорлар учун юқори таннархни ҳам тилга олади. Улар пичан ва саноат озуқаларининг қимматлигидан шикоят қилади. Бу омил, ўз навбатида, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар сабабли юзага келган бўлиши мумкин. Бунга мамлакатда қишлоқ хўжалигини бошқаришдаги муаммолар ҳам қўшилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистонда гўшт нархининг қиммат эканини танқид қилган Дидар исмли блогер бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилганди. Орадан бир неча кун ўтиб, айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари изоҳларда у полиция томонидан олиб кетилгач, вафот этганини ёзган. Кейинроқ эса унинг қабри топилган.
Live
AllTibbiy xizmatlar hajmi 3 karra oshdi
28 August
Maktablarda qamrov 78 foizga oshirildi
28 August