Трамп, Си ва Путин илк марта уч томонлама учрашув ўтказмоқда (видео)
World
−
14:26 394 2 minutes
Бугун, 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида АҚШ Президенти Дональд Трамп, ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг уч томонлама музокаралари бошланди. Учрашув Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасидаги «Цилинь Шаньчжуан» давлат қароргоҳида бўлиб ўтмоқда.
Бу – уч давлат раҳбарларининг ушбу форматдаги тарихда илк юзма-юз учрашуви. “Associated Press” маълумотларига кўра, музокараларнинг асосий мавзулари қуйидагилардан иборат:
- ядровий қуроллар устидан назорат;
- Украинадаги урушни тартибга солиш;
- Эрондаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш;
- халқаро хавфсизлик;
- савдо-иқтисодий муносабатлар.
2026 йил февраль ойида Россия-Америка ўртасидаги “Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, Хитой иштирокида ядровий қуроллар устидан назорат тўғрисидаги янги битимни ишлаб чиқиш марказий масалалардан бирига айланиши кутилмоқда.
Уч томонлама саммит бошланишидан олдин Дональд Трамп Владимир Путин ва Си Цзиньпин билан алоҳида музокаралар ўтказган.
Эътиборли жиҳати шундаки, уч томонлама саммит ўтказиш имконияти 2026 йил 1 сентябрь куни Бишкекда оммавий равишда муҳокама қилинган эди. Ўшанда Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ШҲТ саммити доирасида Путин, Трамп ва Си Цзиньпиннинг Хитойда учрашиши мумкинлигини маълум қилган эди.
Берлиндаги Карнеги Россия ва Евросиёни ўрганиш маркази директори Александр Габуев BBC’га берган интервьюсида айтишича, дастлабки экспертлик тайёргарлиги йўқлиги ва иштирокчилар манфаатларининг турличалиги сабабли уч томонлама саммитдан сезиларли натижалар кутиш ўринсиз.
Унинг айтишича, бу учрашув – Путин учун дунёнинг икки энг йирик иқтисодиёти етакчилари билан тенг мақомда учрашиш фактининг ўзи дипломатик ғалаба, Си Цзиньпин учун Трамп билан шахсий муносабатларни мустаҳкамлаш имконияти, Америка Президенти учун эса жаҳон дипломатиясидаги ўз ролини намойиш этиш имконияти.
Экспертнинг фикрича, учала давлатнинг ҳам иштирокини талаб қиладиган ягона стратегик аҳамиятга эга мавзу – бу ядровий қуроллар устидан назорат. Бироқ дастлабки тайёргарликнинг йўқлиги келишувларга эришиш эҳтимолини пасайтиради.
Габуев, шунингдек, 1945 йилги Ялта конференцияси билан ўхшатишга уринишларни асоссиз деб ҳисоблайди: замонавий дунёни уч давлат келишуви асосида таъсир доираларига бўлиб олиш имконсиз.
Live
All