Трамп сайловлардан кейин Эрон бўйича илк йиғилишни ўтказди
World
−
08:59 1294 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп оралиқ сайловлардан кейин миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан Эрон масаласига бағишланган илк йиғилишни ўтказди. Йиғилиш якунида у Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий зарбаларни қайта бошлаш ёки бошламаслик бўйича тез орада қарор қабул қилишини билдирди. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Трамп учта вариантни кўриб чиқмоқда: Эронга янги зарбалар бериш, Теҳронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш ёки Эрон жиддий ён беришларни назарда тутувчи келишувга эришиш.
“Энди қарор қабул қиламиз. Эроннинг ядровий дастурини бутунлай йўқ қилиш ва бу ҳолат бошқа ҳеч қачон такрорланмаслигини кафолатлаш учун ҳаракатларни давом эттириб, янги зарбалар беришни хоҳлаймизми?” деган АҚШ Президенти.
У мамлакатнинг қолган қисмини вайрон қилишни истамаслигини, бироқ бундай имкониятни ҳам истисно этмаслигини қўшимча қилган.
“Тез орада ҳаммасини билиб оласиз”, деган Трамп.
АҚШ ва Исроил жорий йилнинг 28 февраль куни Эронга қарши ҳарбий операция бошлаган. Бунга жавобан Теҳрон Ҳормуз бўғозида кемалар қатновини тўсиб қўйган ва ўнлаб кемаларга ҳужум қилган. Бу эса нефть нархининг кескин ошишига сабаб бўлган.
Июнь ойида АҚШ ва Эрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда бўғозни очиш бўйича меморандум имзолаган. Бироқ кейинчалик томонлар ўртасида зарбалар алмашинуви қайта бошланган.
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Трамп республикачиларнинг сайловлардаги мағлубияти Эронга қарши уруш билан боғлиқлигини тан олган.
“Менимча, бу асосан ҳақиқат, чунки бу бензин нархининг бироз, аммо қисқа муддатга ошишига олиб келди”, деган у журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШдаги оралиқ сайловлар натижалари Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан сиёсатини ўзгартирмаслигини билдирган эди. У АҚШдаги сиёсий ўзгаришлардан умид қилаётганлар адашаётганини айтиб, Эронга қарши янги ҳужум содир этилса, анча кенг кўламли жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирган.
Live
All