Трамп маъмурияти 300 мингдан ортиқ визани бекор қилди

World

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти унинг иккинчи президентлик муддати давомида 300 мингдан ортиқ визани бекор қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти маълумотига таяниб “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги ҳафталарда визаларни бекор қилиш суръати сезиларли даражада тезлашган. 2025 йил январь ойида Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошланганидан буён бекор қилинган визалар сони 300 мингдан ошган. Давлат департаментининг 10 август куни эълон қилган маълумотида эса бу кўрсаткич 175 мингдан ортиқ экани айтилганди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Томми Пиготт X ижтимоий тармоғида маъмурият визаларни АҚШ тарихидаги бошқа маъмуриятларга қараганда тезроқ бекор қилаётганини билдирган.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати мамлакатга виза билан келган хорижликларнинг қонун бузиши, фирибгарлик қилиши ёки миллий хавфсизликка таҳдид солишига нисбатан муросасиз сиёсат юритмоқда.

“Reuters“га кўра, Трамп маъмурияти иммиграцияга қарши чоралар ва депортацияларни мамлакат ички хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу сиёсат қонуний ҳимояланиш ҳуқуқи ва сўз эркинлигини бузаётганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, кўрилаётган чоралар, айниқса, этник озчиликлар орасида хавотир уйғотмоқда. Айрим жамоалар вакиллари ирқий камситиш ҳолатларидан ҳам шикоят қилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари визаларни бекор қилиш билан боғлиқ айрим ҳолатларни ҳам танқид қилган. Жумладан, Исроилнинг Ғазога ҳужумларига қарши намойишларда қатнашган хорижликларнинг визалари бекор қилиниши норозиликларга сабаб бўлган. Шунингдек, консерватив сиёсий шарҳловчи Чарли Киркнинг ўлдирилиши юзасидан ижтимоий тармоқларда фикр билдирган айрим хорижликлар ҳам визаларидан айрилган.

Бундан ташқари, Трамп маъмурияти муҳожирлар ва виза олиш учун ариза топширган шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини текширишни кучайтирган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат миллий хавфсизликни важ қилиб, ўз танқидчиларини нишонга олаётганини айтмоқда. Шунингдек, айрим фирибгарлик ҳолатлари сабаб АҚШдаги муҳожирлар жамоаларига, жумладан, Миннесота штатида яшовчи сомалилик америкаликларга нисбатан ҳам кенг кўламли чоралар кўрилаётгани танқид қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йил 3 августдан бошлаб 50 мамлакат фуқароларидан сайёҳлик ва бизнес визаларига ариза топширишда доимий асосда 20 минг долларгача гаров ундиришни бошлаганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends