АҚШ 20 минг долларгача виза гарови жорий қилади
Олам
−
14:47 612 2 дақиқа
АҚШ жорий йил 3 августдан бошлаб 50 мамлакат фуқароларидан сайёҳлик ва бизнес-визаларига ариза топширишда доимий асосда 20 минг долларгача гаров ундиришни бошлайди. Бу ҳақда Давлат департаменти эълон қилган огоҳлантиришда сўз боради.
АҚШ ўтган йилнинг август ойида виза олувчилар учун пилот гаров дастурини ишга туширган эди. У 12 ойга мўлжалланган бўлиб, сайёҳлик (B-2) ёки бизнес-визаларига (B-1) тегишли эди. Дастур консулликларга ўз хоҳишига кўра 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров талаб қилиш имконини берарди ва бу маблағ АҚШдан чиқиб кетилаётганда қайтариб берилар эди.
“Ишбилармонлик ёки сайёҳлик мақсадларида (B-1/B-2 категориялари) мамлакатга вақтинчалик ташриф буюриш учун виза олишга ариза топшираётган чет эл фуқаросидан ноиммигрант мақомига риоя қилиши ва мамлакатдан белгиланган тартибда чиқиб кетиши кафолати сифатида гаров киритиш талаб қилиниши мумкин. Консуллик ходимлари тегишли ноиммиграцион визаларни олиш учун ариза берувчилардан виза бериш шарти сифатида консуллик ходимларининг ўз хоҳишига кўра 20 минг долларгача миқдорда гаров киритишни талаб қилишлари мумкин”, дейилади огоҳлантиришда.
Визага ариза топширишда фуқароларидан гаров ундирилиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига 50 та мамлакат киритилган, улардан 30 таси Африка давлатлари, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқалардир. Ўзбекистон ушбу рўйхатга кирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакат аэропортларида виза муддати ўтган хорижликларни оммавий тарзда қўлга олишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси