Трамп Эроннинг тинчлик таклифини рад этди – WSJ

World

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва минтақадаги жангларни етти кун ичида тўхтатишни назарда тутган тинчлик таклифини рад этди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” АҚШ расмийларига таяниб, хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Трамп ёрдамчиларига жорий йил ноябрдаги АҚШ Конгресси оралиқ сайловларидан кейин Эронни бомбардимон қилишни қайта бошлашини кутаётганини айтган. Бироқ унинг бу борадаги позицияси ўзгариши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Эрон ўз таклифини БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Нью-Йоркда илгари сурган. Теҳрон режасига кўра, АҚШ Эрон портларига қўйган блокадасини бекор қилиши эвазига Эрон Ҳормуз бўғозини очиши ва минтақадаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши керак.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, таклиф Қатар воситачилиги орқали АҚШга етказилган. Унинг таъкидлашича, Вашингтон келишувга жиддий ёндашса, Ҳормуз бўғозини очиш учун барча шартлар тайёр.

Ароқчига кўра, келишув қабул қилинган тақдирда етти кунлик муддат бошланади ва шу давр якунида Ҳормуз бўғози очилади ҳамда минтақадаги жанглар тўхтайди. Шундан сўнг томонлар ўзаро келишилган масалалар, жумладан, Эроннинг ядровий дастури бўйича кенгроқ музокараларни бошлаши мумкин.

Эрон таклифининг бир қисми сифатида АҚШдан Эрон портларига нисбатан блокадани бекор қилиш, мамлакатнинг музлатилган маблағларини озод қилиш ва Эрон нефтига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳам сўралган.

Шу билан бирга, Эрон расмийлари ядровий дастур бўйича ўз позициясини ўзгартирмаслигини билдирган. Reuters суҳбатлашган юқори лавозимли Эрон расмийси Теҳрон уран бойитиш ҳуқуқидан воз кечмаслиги ва юқори даражада бойитилган уранни мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлмаслигини айтган.

АҚШ расмийси эса аввалроқ Вашингтон ва Теҳрон воситачилар орқали “ижобий ва конструктив” музокаралар олиб бораётганини билдирган эди. Бироқ “The Wall Street Journal” манбаларига кўра, Трамп Эрон унинг талабларини бажаришига ишонч билан қарамаяпти.

Ҳормуз бўғози можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга уринишларда асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Уруш бошланишидан олдин мазкур стратегик сув йўли орқали жаҳон нефть ва газ ташишининг қарийб бешдан бир қисми амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишувга эришилмаса, мамлакатни “йўқ қилиши” мумкинлигини айтган, бироқ БМТ Бош ассамблеяси доирасида дипломатик музокаралар давом этаётгани ва келишув яқин орада тузилиши мумкинлигини билдирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends