Тожикистон Эрондан 2,5 млн тонна нефть, бензин ва дизель сўради

World

image

Тожикистон ички бозорни ёқилғи билан таъминлашдаги муаммолар фонида Эрондан 2,55 млн тонна хом нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни сўради. Бу ҳақда республика Транспорт вазирлиги хабар берди.

Сўралган ҳажмга 2 млн тонна хом нефть, 300 минг тонна дизель ёқилғиси, 150 минг тонна бензин ва 100 минг тонна авиация ёқилғиси киради. Уларни ташиш учун 51 мингга яқин темир йўл вагони талаб этилади.

Ушбу масала жорий йилнинг 15 август куни Теҳронда Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим ва Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинган.

Иброҳим геосиёсий вазият сабабли Тожикистонга ёқилғи етказиб бериш қисқарганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, илгари республика ёқилғининг 80 фоиздан ортиғини Россиядан олган, эндиликда Душанбе муқобил манбалардан фаолроқ фойдаланишни ният қилган.

Тожикистон томони Эрондан ёқилғи ташиш учун вагон-цистерналардан иборат махсус поездларни шакллантиришни ва уларнинг мамлакат темир йўллари орқали имтиёзли ўтиши учун “яшил йўлак” ташкил этишни сўраган.

Бундан ташқари, Душанбе Эроннинг Чобаҳор портидаги “Тожикистон” логистика маркази учун имтиёзли шартлар ажратишни, тожикистонлик автоташувчиларнинг муаммоларини ҳал қилишни ҳамда Эронга рейсларни амалга оширишни режалаштираётган Somon Air компанияси самолётларига хизмат кўрсатиш, ёқилғи қуйиш ва суғурталаш бўйича чегирмалар беришни сўраган.

Фарзона Содиқ кўтарилган масалаларни ҳал қилишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган. Бунинг учун томонлар идоралараро ишчи гуруҳларни жалб қилиш ният қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ёнилғининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари (ЁММ) тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва бир қатор бошқа давлатларга расмий мурожаатлар йўллаган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends