“Тоттенхэм”нинг собиқ футболчиси FIFA президенти бўлмоқчи
Sport
−
16:30 883 2 minutes
“Тоттенхэм” ва Швейцария терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Рамон Вега FIFA президенти сайловида амалдаги раҳбар Жанни Инфантинонинг рақиби сифатида иштирок этиш ниятини маълум қилди. Бу ҳақда “The 42” нашри хабар берди.
55 ёшли Вега ўз номзодини илгари суриш қарорини футболга хизмат қилиш истаги билан изоҳлади.
“Мен номзодимни қўяман, чунки бутун ҳаётим мени футболга хизмат қилишга тайёрлади. Футболнинг яхлитлиги, ундаги инсонлар ва унинг келажагини ҳимоя қилиш менинг бурчим ва ижтимоий масъулиятим, деб ҳисоблайман. Футбол оиласидаги ишончга жиддий путур етди. Биз уни тиклашимиз, FIFA обрўсини қайта тиклашимиз ва жаҳон футболи оиласини бирлаштиришимиз керак”, дейди Вега.
У 11 саҳифалик баёнотида FIFA’нинг амалдаги раҳбариятини “ўйинни руҳсизлантириш” ва ташкилотга бўлган ишончни пасайтиришда айблади.
“Футбол реанимацияда, ҳаётни таъминлаш аппаратларига уланган ҳолатда. Биз энди кутиб тура олмаймиз. FIFA’га янги йўналиш ва туб ислоҳотлар керак. Футбол оиласини қайта бирлаштиришимиз, ишончни тиклашимиз, барқарорликни таъминлашимиз ва FIFA бошқарувини модернизация қилишимиз лозим. Бу косметик ўзгаришларни эмас, қатъий ислоҳотларни талаб қилади”, дея таъкидлади у.
Вега 2023 йилги FIFA президенти сайловида ҳам номзодини қўйишга уринган, аммо сайловда иштирок этиш учун зарур миқдорда қўллаб-қувватлов тўплай олмаган. Бу сафар Веганинг номзоди кўриб чиқилиши учун FIFA’га аъзо 211 та миллий федерациядан камида бештасининг қўллаб-қувватловини олиши талаб этилади.
Маълумот учун, Вега 1989-2003 йиллар давомида профессионал футбол ўйнаган. У “Грассхопперс”, “Кальяри”, “Тоттенхэм”, “Уотфорд”, “Селтик” ва “Кретей” клублари шарафини ҳимоя қилган. Швейцария терма жамоаси сафида эса 23 та учрашувда майдонга тушиб, икки гол урган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Инфантино 2027 йил 18 март куни Работда бўлиб ўтадиган FIFA президенти сайловида яна бир муддатга номзодини қўйишини маълум қилган эди.
Live
All