Тошкентда наркогуруҳ аъзолари 6 кг наркотик билан ушланди (видео)

Crime

image

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида катта миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Учтепа тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида, Юқори Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи шахснинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, гиёҳвандлик воситаларини тарқатишга тайёрланган “закладка” кўринишидаги ўрамлар аниқланган.

Маълум қилинишича, август ойининг бошларида С. исмли фуқаро ва бир гуруҳ шахслар томонидан гиёҳванд моддаларни “закладка” усулида тарқатилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг тезкор тадбир ташкил этилган. Тадбир давомида С. исмли фуқаро тўхтатилиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Хонадондан гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, ҳолат юзасидан холислар иштирокида тегишли баённома расмийлаштирилган ва ушбу моддалар ички ишлар органлари ихтиёрига олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, гумонланувчи томонидан ижарага олинган яна бир хонадон ҳам кўздан кечирилган. Ушбу хонадондан ҳам катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари топилган.

Шунингдек, тадбир давомида С. исмли фуқаро билан бирга гуруҳнинг яна тўрт нафар аъзоси Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида қўлга олинган.

Терговга кўра, С. исмли фуқаро Telegram орқали номаълум шахс билан боғланган ва моддий манфаат эвазига гуруҳ аъзолари билан биргаликда гиёҳвандлик воситаларини яширишда иштирок этган. Хусусан, хонадоннинг музлаткичига тўртта пластик идишда ўткир ҳидли, оқ-сарғиш рангли синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда баклашкадаги суюқ ҳолатдаги синтетик гиёҳвандлик воситаси жойлаштирилгани аниқланган.

Гумонланувчилардан бири сўроқ вақтида Instagram орқали ушбу иш ҳақида билиб, яхши пул таклиф қилингани учун бунга қизиққанини айтган. Ундан Чорвоққа чиқиб келишини сўрашган. У аввал Чорвоққа бориб келганини, кейинчалик эса шаҳардаги кўрсатилган хонадонга бир нарсани олиб бориб, музлаткичга қўйганини билдирган.

У қилган ишидан пушаймон эканини, бундай ишни бошқа такрорламаслигини айтган.

Тезкор тадбир натижасида жами 6 килограмм 100 грамм гиёҳвандлик воситаси топилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу миқдор 20 минг 333 та бир марталик дозага тенг бўлиб, гиёҳвандлик воситаларининг аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси танланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ички ишлар ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмай, қочишга уринган Cobalt ҳайдовчисининг автомашинасидан 4 килограммдан ортиқ “гашиш” аниқланганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends