Тошкентда иссиқхоналарнинг ишлашига рухсат берилиши мумкин, агар…
Local
−
21:51 1237 4 minutes
Тошкент шаҳри минтақасидаги иссиқхоналарга “яшил” технологияларга ўтиш шарти билан фаолиятини давом эттиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахт минтақасида тунги вақтда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосферада инверсия табиий ҳодисаси кузатилиши натижасида кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар бўйича фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари кўпайган. Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашгани, шунингдек, иссиқхоналарни иситиш мақсадида кўмирдан фойдаланиш оқибатида юзага келадиган нохуш ҳидлар ҳақида хабар берган.
Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган барча ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар томонидан воқеа жойига чиққан ҳолда тегишли ўрганиш ишлари олиб борилган. Тошкент шаҳри атмосферасига ифлослантирувчи моддаларни чиқараётган шахсларга нисбатан зудлик билан қатъий чоралар кўриш учун ишончли маълумотларни олиш мақсадида ҳаводан намуналар олинган.
Билдирилишича, Махсус комиссия Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ҳолатига турли антропоген манбаларнинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Уларнинг асосийлари саноат корхоналари, автотранспорт воситалари (электробуслар ва электромобиллар бундан мустасно), Тошкент шаҳрининг иситиш тизими, куз-қиш мавсумида эса пойтахт минтақасидаги аҳоли яшаш ҳудудларига яқин жойлашган иссиқхона хўжаликлари.
Иссиқхона хўжаликлари вакиллари амалдаги объектларни модернизация қилиш, экологик тоза иситиш технологияларига ўтиш ва экологик хизматлар томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ чиқиндилар миқдорини хавфсиз даражагача камайтиришга тайёр эканликларини билдириб, бир неча бор мурожаат қилган.
Иссиқхона хўжаликлари томонидан энергия тежамкор технологияларга ўтиш, шунингдек, замонавий иситиш тизимлари билан қайта жиҳозланиш ва атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни онлайн режимда мониторинг қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Жумладан, иситиш тизимларига эга бўлган ҳамда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхона хўжаликлари фаолиятини табиий газ, шу жумладан, суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Ушбу технологиялардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, иссиқхона хўжаликлари иситиш мақсадида кўмир ёқилғисидан ҳам фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Бунда иссиқхоналар ифлослантирувчи моддалар ташламалари бўйича белгиланган стандартларга жавоб берадиган замонавий сертификатланган иситиш қозонлари билан жиҳозланиши, чиқиндиларни тозалаш ва филтрлаш тизимлари мажбурий тартибда ўрнатилиши, шунингдек, видеокузатув тизимлари жорий қилиниб, тегишли маълумотлар ва видеотасвирлар Экология қўмитаси ҳузуридаги Миллий экологик мониторинг марказига узатилиши лозим.
Мазкур таклифлар Экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа тегишли давлат идоралари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилган. Иссиқхона хўжаликлари томонидан Хитой технологиялари асосида ишлаб чиқилган қозонхона ускунаси ва филтрлар тизимидан иборат комплекс иситиш тизимининг тажриба намунаси тақдим этилган. Миллий экологик мониторинг маркази мутахассислари томонидан, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Экология қўмитаси Жамоатчилик кенгаши иштирокида тасдиқланган услубият асосида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори бир неча бор ўлчанган.
Жорий йилнинг 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари тақдим этилган фильтрнинг тажриба намунаси бўйича ўтказилган ўлчовлар аҳоли саломатлиги учун хавфсиз бўлган ташламалар кўрсаткичлари белгиланган меъёрларга мувофиқ эмаслигини кўрсатган. Эришилган келишувга мувофиқ, иссиқхона хўжаликлари тақдим этилган фильтр намунасини такомиллаштириши, у тайёр бўлгач эса Ишчи гуруҳ томонидан тегишли ўлчовлар қайта ўтказилиши белгиланган.
Қўшимча равишда маълум қилинишича, ҳозирги вақтда Ишчи гуруҳ томонидан иссиқхона хўжаликлари қозонхона ускуналари филтрлари учун хавфсиз чиқинди стандартларини тасдиқлашга қаратилган ҳужжат лойиҳаси тайёрланган. Шу билан бирга, “яшил иссиқхоналар”га айланишни режалаштираётган хўжаликлар учун салмоқли субсидиялар ва солиқ имтиёзлари пакетини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг фуқаролар саломатлигига етказаётган зарарини инобатга олган ҳолда, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхона хўжаликларининг пойтахт минтақасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига нисбатан тақиқ сақланиб қолади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга нисбатан амалдаги мораторий талабларига риоя қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари фаолияти устидан доимий экологик мониторингни амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлар ҳавосида заҳарли PM2.5 заррачалари ортиши туфайли пойтахтдаги иссиқхона, саноат корхоналари ва қурилиш ташкилотлари фаолияти устидан назорат ўрнатилиб, рейдлар ўтказилганди. Кейинроқ, жорий йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланиши белгиланди.
Live
All