Тошкентда автобус ҳайдовчилари маоши кечикаётганидан норозилик билдирди (видео)
Local
−
16:41 1167 3 minutes
Тошкентда автобус ҳайдовчилари ойлик маошлари вақтида берилмаётгани ва тўловлардаги ноаниқликлар юзасидан норозилик билдирди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, видеомурожаатда ҳайдовчилар томонидан келтирилаётган эътирозларни ҳаққоний ва тўлиқ текшириш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг масъул ходимларидан ташкил топган махсус ишчи гуруҳ тузилган. Мазкур ишчи гуруҳ томонидан “18-автобус саройи” филиалида тегишли ўрганиш ва текширув ишлари олиб борилган.
Текширув давомида ҳайдовчиларнинг меҳнат фаолияти, иш вақти, бажарган қатновлари, йўналишдаги ҳаракатлари, содир этилган қоидабузарликлар ҳамда уларга ҳисобланган иш ҳақи билан боғлиқ маълумотлар атрофлича ўрганилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи нотўғри ҳисоблангани ёки уларга белгиланган тартибдан кам миқдорда ойлик маош тўлангани ҳолатлари аниқланмаган.
Шунингдек, айрим ҳайдовчиларга иш фаолияти давомида йўл ҳаракати ва белгиланган тартиб-қоидаларни бузганлиги сабабли тегишли тартибда жарималар қўлланилгани аниқланган. Мазкур жарималар ҳайдовчиларнинг иш ҳақи ҳисоб-китобларида амалдаги тартиб ва белгиланган мезонлар асосида инобатга олинган.
Шу билан бирга, текширув давомида видеомурожаатда билдирилган айрим эътирозлар иш ҳақи ҳисоб-китоблари билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар экани маълум бўлган.
Қайд этилишича, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг 8 та автобус саройи филиалларида хизмат кўрсатувчи автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари қуйидаги тартибда ҳисобланади:
- Ишланган ой тугагач, кейинги ойнинг 1-санасидан 10-санасига қадар ҳайдовчиларнинг 1 ойда ишлаган иш соати, бажарган қатновлар сони, мунтазамлиги ҳисоблаб текширилади;
- Кейин эса, ҳайдовчининг бир ой давомида йўналишда ҳаракатланган вақтда содир этган қоидабузарликлари текширилади;
Барча маълумотлар йиғилгандан сўнг, кейинги ойнинг 10-санасидан ойлик маошининг аниқ ҳисоби чиқарилади. Шундан сўнг, белгиланган ойлик маошлари ҳайдовчиларга тўлана бошлайди.
“Таъкидлаш керакки, август ойи учун ҳисобланган ойлик маошлари барча ҳайдовчиларга 15 сентябрь кунидан бошлаб тўланиши бошланган”, дейилади муносабатда.
Бироқ ҳайдовчилар “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг мазкур муносабатидан норози эканини билдирди. Уларнинг айтишича, текширув жараёнида ўзлари иштирок этмаган ва мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича фикрлари тингланмаган.
“Биз улар берган расмий муносабатдан норозимиз, чунки у ерда биз иштирок этмадик. Нима бўлди, нима қўйди, биз билмадик. Бизнинг масаламизни ким ҳал қилади?” деган 18-автобус саройи ҳайдовчиларидан бири.
Ҳайдовчилар, шунингдек, айрим ходимларга иш ҳақи ҳисобидан турли суммаларда пул беришга мажбур бўлаётгани ҳақидаги даъволарини такрорлаган. Уларнинг таъкидлашича, бундай тўловлар амалга оширилмаса, ойлик маоши сезиларли даражада кам чиқмоқда. Жумладан, ҳайдовчи ўзига ҳисобланган 9 миллион 300 минг сўмлик иш ҳақини мисол қилиб, “450 минг пул бермаганим учун менга 9 миллион 300 минг сўм ойлик чиқибди. Агар мана шу 450 минг пулни берганимда, менга 14-15 миллион ойлик чиқарди”, деган.
Ҳайдовчилар мурожаатида 48-50 соатлаб ишлаётгани, бунинг бўйича путёвка ва бошқа далиллари мавжудлигини айтиб, ҳолатни ўзлари иштирокида қайта текширишни сўраган. Улар 18-автобус саройидаги меҳнат шароитлари ва иш ҳақи ҳисоб-китобларини мустақил текшириш, шунингдек, мурожаатда тилга олинган ходимларга нисбатан чора кўришни талаб қилган.
“Биз қатнашайлик, бизнинг дардимизни эшитсин. Улар қаердан билибди нима демоқчилигимизни?” дея мурожаат қилган ҳайдовчилардан бири.
Live
All