Тошкент мактабларида давоматни СИ ёрдамида назорат қилиш бошланди
Local
−
09:52 756 2 minutes
Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактабларда ўқувчилар давоматини сунъий интеллект ёрдамида назорат қилиш бошланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Вазиятлар марказида Сергели туманидаги мактабларда ишга туширилган “СИ Давомат” тизими тақдимоти ўтказилган. У таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини мунтазам таҳлил қилиш ва ўқувчилар давоматини назорат қилишга қаратилган.
Бу мактаб жараёнларини рақамлаштиришнинг биринчи босқичи бўлиб, у маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ҳамда мактаб, ўқитувчилар ва ота-оналар эътиборини талаб қиладиган масалаларни ўз вақтида аниқлаш имконини беради.
Тизим дарсларнинг ташкил этилиши, ўқувчиларнинг фаоллиги ва ўқитиш усулларини фанлар, синфлар ва ўқитувчилар кесимида мунтазам таҳлил қилиб боради. Олинган кўрсаткичлар ўқитувчиларни услубий қўллаб-қувватлаш, ўқитиш сифатини баҳолаш ва КПИ тизимини янада такомиллаштириш учун асос бўлади.
Смарт-камералар ва Face ID технологияси ўқувчиларнинг мактабга бориши ва дарсларда қатнашишини автоматик равишда қайд этиш имконини беради. Маълумотлар такрорий дарс қолдиришларни, жумладан, ўқувчининг айрим фанлар бўйича дарсларга келмаслигини аниқлашга ёрдам беради. Бу мутахассисларга сабабларни чуқурроқ ўрганиш, оила ва мактаб билан ҳамкорлик қилиш ва болага ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Агар ўқувчи узрли сабабсиз дарсни қолдирса, ота-оналарга SMS-хабарнома юборилади. “ERP Maktab” ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг DMED тизимлари билан интеграциялашув туфайли касаллик сабабли дарс қолдирилгани автоматик равишда ҳисобга олинади.
Билдирилишича, ҳозирда “СИ Давомат” Сергели туманидаги 26 та мактабда ишламоқда, у ерда 446 та смарт-камера ўрнатилган. Апробация натижалари тизимни Тошкент шаҳридаги бошқа мактабларда босқичма-босқич жорий этиш учун асос бўлади.