“Толибон” тўйларда мушакбозлик қилишни тақиқлади
World
−
10:24 438 1 minute
Афғонистонда тўйлар ва бошқа байрам тадбирларида одамларнинг осойишталигини бузувчи воситалардан фойдаланиш, яъни мушакбозлик қилиш тақиқланди. Бу ҳақда “Pajhwok Afghan News” хабар берди.
Қайд этилишича, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг эзгуликни тарғиб қилиш, иллатларнинг олдини олиш ва шикоятларни эшитиш вазирлиги томонидан жорий этилган тақиқ барча фуқаролар, дўкондорлар, импортёрлар, ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларга тааллуқли ҳисобланади.
Чеклов нафақат пиротехника воситаларидан фойдаланиш, балки уларни ишлаб чиқариш, мамлакатга олиб кириш, сотиб олиш, сотиш ва тарқатишни ҳам қамраб олади.
Вазирлик баёнотида жамоат тинчлиги, фуқаролар фаровонлиги ва руҳий осойишталигини таъминлаш муҳим экани таъкидланган. Шунингдек, тўй ва байрамлар болалар, аёллар, кексалар, беморлар ҳамда бошқа фуқароларда қўрқув ёки безовталик уйғотадиган ҳаракатларсиз, исломий кўрсатмалар ва шариат тамойилларига мувофиқ ўтказилиши кераклиги билдирилган.
Вазирлик тақиқни бузиб, пиротехника воситалари орқали одамларнинг тинчлигини бузган шахсларга нисбатан амалдаги шариат қоидалари ва тегишли меъёрлар асосида қонуний чоралар кўрилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида “фазилатни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш” бўйича “Толибон” гуруҳи аёллар кийиниш қоидаларига риоя қилиниши шартлиги ҳақида огоҳлантириш бергани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October