“Толибон” Россиядан Афғонистонда нефть заводлари қуришни сўради
World
−
18:55 1003 2 minutes
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Россия компанияларига мамлакатда нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚИЗ) қуришни таклиф қилди. Қобул, шунингдек, Россия нефть маҳсулотлари харидини оширишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Афғонистон билан ишбилармонлик ҳамкорлиги кенгаши раҳбари Дмитрий Антоновга таяниб, “Afghanistan International” хабар берди.
Антоновнинг сўзларига кўра, “Толибон” икки давлат ўртасидаги савдони мувозанатлаштириш мақсадида россияликларни хомашё конларини ўзлаштиришда иштирок этишга ҳам таклиф қилган.
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук 70 дан ортиқ бизнес вакилларидан иборат делегация билан Қобулга ташриф буюрган. “Толибон” вакили Ҳамдулла Фитратнинг маълум қилишича, томонлар 103 миллион долларлик 15 та ҳамкорлик меморандумини имзолаган. Келишувлар Афғонистонга дори-дармон, буғдой, ун ва ўсимлик ёғи етказиб бериш, шунингдек, Россияга анор экспорт қилишни назарда тутади.
2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 349 миллион доллардан ошиб, икки баравардан кўпроққа ўсган. Жорий йилнинг май ойида Москва Қобул билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида битим тузган. Уни амалга оширишнинг биринчи босқичи совет ҳарбий техникасини таъмирлаш бўлиши керак. Кейинчалик “Толибон” янги қурол-яроғлар етказиб берилишини истамоқда.
“The Moscow Times”нинг ёзишича, “Толибон” олдин ҳам Россия компанияларига нефть ва газ қазиб олиш соҳасига сармоя киритишни таклиф қилган. Хусусан, 2025 йилнинг август ойида Афғонистон кончилик саноати ва нефть вазири Ҳидоятулло Бадрий Татаристондаги форумда инвесторларга хавфсизлик кафолатлари, шаффофлик ва капитал қўйиш учун узоқ муддатли имкониятларни ваъда қилган. Унинг сўзларига кўра, углеводородларнинг йирик захиралари Амударё, Катаваз ва Ҳилманд ҳавзаларида тўпланган. Афғонистон ушбу ресурслардан ўз эҳтиёжларини таъминлаш ва қўшни давлатларга экспорт қилиш учун фойдаланмоқчи.
Маълумот учун, “Толибон” 2021 йил август ойида Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг Афғонистонда ҳокимиятга қайтди. Москва янги ҳукумат билан алоқаларни йўлга қўйди. 2025 йил апрель ойида Россия Олий суди Россияда “Толибон” ҳаракати фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатди, июль ойида эса Москва биринчи бўлиб шакллантирган ҳакуматни тан олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий “The New York Times” нашрига берган интервьюсида АҚШни Афғонистондаги дипломатик иштирокини қайта тиклашга ва мамлакат иқтисодиётига инвестиция киритишга чақирган эди. Бироқ Вашингтон “Толибон”нинг бу таклифини рад этди.
Live
All