“Толибон” АҚШга Афғонистонга қайтишни таклиф қилди
Олам
−
20:10 2717 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати АҚШни Афғонистондаги дипломатик иштирокини қайта тиклашга ва мамлакат иқтисодиётига инвестиция киритишга чақирмоқда. Бу ҳақда Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий “The New York Times” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Қобулда дипломатик иштирокини сақлаб қолиши ҳамда фойдали қазилмаларни қазиб олиш, тўғонлар ва йўллар қурилишига маблағ ажратиши мумкин.
“Биз уруш боби ёпилган деб ҳисоблаймиз ва бундан буён ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни ҳамда ижобий ҳамкорликнинг янги бобини хоҳлаймиз”, дейди Муттақий.
Шу билан бирга, вазирнинг айтишича, Афғонистон расмийлари мамлакатда Америка ҳарбий иштироки қайта тикланишини истамайди.
Бироқ Вашингтон “Толибон” вазирининг ғоясини рад этган. Хусусан, АҚШ Давлат департаменти “Толибон” терроризмга қарши кураш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганини маълум қилган. Муносабатларнинг яқинлашишига аёллар ва қизларнинг таъқиб қилиниши, Америка фуқароларининг ушлаб турилиши ҳамда толибларнинг қолдириб кетилган Америка қуролларини қайтаришдан бош тортаётгани ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Экспертларнинг фикрича, литий, мис ва темир маъдани захираларидан фойдаланиш имконияти АҚШнинг Хитой ва Россия билан рақобати фонида Трампни қизиқтириши мумкин. Бироқ улар ҳозирча Афғонистонда Американинг тўлиқ дипломатик иштироки қайта тикланишини деярли имконсиз деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Қуролли кучлари 2021 йил 31 августда Афғонистонни тўлиқ тарк этиб, ушбу мамлакатдаги 20 йиллик ҳарбий иштирокини якунлаган эди. АҚШнинг Қобулдаги элчихонаси ўз фаолиятини 2021 йил 15 августда, “Толибон” ҳаракатининг ҳужуми фонида Америка дипломатларининг шошилинч эвакуация қилиниши бошланганда тўхтатган. Дипломатик миссия вақтинча Қатар пойтахти Доҳага кўчирилган.