Тез ёрдамга йўл бермаган BYD ҳайдовчиси жазоланди (видео)

Crime

image

Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бермаган BYD русумли автомобиль ҳайдовчисига нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда кеча, 8 сентябрь куни Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Сергели – Чилонзор йўналишида ҳаракатланаётган BYD русумли автомобиль ҳайдовчиси орқасидан келаётган махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бермагани акс этган.

Ҳолат юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ўрганиш олиб борилган. Оқибатда BYD ҳайдовчисининг махсус транспорт воситасининг ҳаракатланишига халақит бергани аниқланган.

Ҳайдовчи бу ҳолат қасддан содир этилмаганини билдирган. Унинг айтишича, автомобиль ойнаси ёпиқ, кондиционер ишлаб турган ва мусиқа қўйилгани сабабли тез ёрдам автомашинасининг махсус товуш сигналини эшитмаган.

“Шу пайтгача ҳар доим йўл бериб келганман. Бу пайт ойналар ёпиқ ҳолатда, кондиционер ишлаётган бўлган ва қўшиқ ҳам бўлаётганди. Шунинг ҳисобига эшита олмай қолганман. Қасддан бўлмаган бу нарса, ҳеч қанақа душманлигим йўқ. Уларни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Бу ҳол бошқа такрорланмайди” дейди BYD ҳайдовчиси.

Шундан сўнг, ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган ҳамда ҳайдовчи билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бермаган Mercedes-Benz русумли автомобиль ҳайдовчисига нисбатан чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends