Терроризмни молиялаштириб, Сурияга бормоқчи бўлган шахс 10 йилга қамалди (видео)
Crime
−
09:03 1521 2 minutes
Суриядаги террористик ташкилотларнинг тарғиботларига алданган ҳамда уларга қўшилиш мақсадида Сурияга бормоқчи бўлган ва уларни молиялаштирган 31 ёшли ўзбекистонлик шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, 1995 йил Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017 йилда Жанубий Корея Республикасининг нуфузли университетига ўқишга кирган. Хорижда таҳсил олиш даврида у ижтимоий тармоқлар орқали “жиҳод”, “ҳижрат” ва “шаҳидлик”ни тарғиб қилувчи шахсларнинг аудио-видео маърузалари билан танишган. Суриядаги қуролли тўқнашувлар акс этган видеолар таъсирида унинг онги ақидапарастлик ғоялари билан заҳарланган.
Шу тариқа у Instagram ва Telegram тармоқлари орқали Сурия ҳудудида фаолият юритаётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуроба катибаси” каби террористик ташкилотларга алоқадор кимсалар билан мулоқотга киришиб, уларга тааллуқли материалларни тарқата бошлаган.
Университетни тамомлаганидан кейин ҳам Жанубий Кореяда қолган мазкур шахс “Ғуроба катибаси” террористик ташкилоти медиа блогери “Саад Мухтор”нинг интернет орқали амалга оширган алдовларига ишониб, унга пул юборган.
2023 йилнинг декабрь ойида эса у Ўзбекистонга қайтган. 2024 йилнинг июль ойида Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга борган, аммо режаси амалга ошмай ортга қайтган.
Шундан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида мазкур шахс қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Билдирилишича, суд ҳукми билан мазкур шахс Жиноят кодексининг 244-1-(Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш), 244-2-(Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), 155-2-(Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 155-3-(Терроризмни молиялаштириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи тўрт нафар шахс Россияда яширин гуруҳ таркибида террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиш, тақиқланган материалларни тарқатиш ҳамда террорчилик фаолиятига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, ҳар бири 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Live
All