Тайванда СИ давлат идораларига киберхужум уюштирди
World
−
21:12 405 2 minutes
Тайвань жорий йилнинг июль ойида давлат идораларига хориждан сунъий интеллект ёрдамида киберхужум уюштирилганини аниқлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, киберхавфсизлик мониторинги бўлинмалари жорий йилнинг 20 июлидан бошлаб давлат идораларига қаратилган ғайритабиий ҳужумни қайд этган. Миллий киберхавфсизлик институти воқеа юзасидан текширув олиб борган.
Текширувга кўра, ҳужум хорижий манбадан амалга оширилган бўлиб, хакерлар қўлда бажариладиган операцияларни сунъий интеллект агентлари ёрдамида амалга оширилган ҳужумлар билан бирлаштирган.
Тайвань Рақамли ишлар вазирлиги ҳужум манбалари, усуллари ва унинг таъсир доираси тўлиқ ўрганилганини, зарар кўрган давлат идоралари эса вазиятни бартараф этганини билдирган. Шунингдек, янги турдаги киберхавфга қарши ҳукумат ҳимоя чораларини кучайтирган. Хусусан, ҳужумларни дастлабки босқичидаёқ аниқлаш ва блоклаш мақсадида давлат идораларидаги тизимлар мониторинги кучайтирилган.
Тайваннинг баёноти Исроилнинг киберхавфсизлик компанияси Dream сунъий интеллект асосидаги хакерлик кампаниясини аниқлагани ҳақида хабар берганидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Dream маълумотларига кўра, сунъий интеллект агентлари жамоаси тўрт кун давомида номаълум давлат амалдорларидан ўнлаб паролларни қўлга киритган, Тайвань Адлия вазирлигидан шахсий маълумотларни ўғирлаган ҳамда мамлакатнинг ядровий хавфсизлик агентлигидаги заифликларни текширган.
Компания ҳужумни қайта тиклашга муваффақ бўлганини билдирган, бироқ ҳужум қилинган ҳукумат номини очиқламаган. “Financial Times” эса ҳужум нишони Тайвань давлат идоралари бўлганини ёзган.
Мамлакат сўнгги йилларда Хитой томонидан амалга оширилаётган деб ҳисоблайдиган киберхужумлар ва бошқа “гибрид таҳдидлар” ҳақида мунтазам равишда баёнот бериб келади. Оролнинг Миллий хавфсизлик бюроси маълумотларига кўра, Тайваннинг шифохоналардан тортиб банкларгача бўлган муҳим инфратузилмаларига қарши киберхужумлар 2025 йилда бир йил аввалгига нисбатан 6 фоизга ошган. Ҳужумлар сони кунига ўртача 2,63 миллионтани ташкил қилган.
Айрим киберхужумлар Тайванни издан чиқаришга қаратилган “гибрид таҳдидлар” доирасида ҳарбий машғулотлар билан бир вақтда амалга оширилгани ҳам қайд этилган.
Сунъий интеллектдан фойдаланадиган киберхужумлар хавфи сўнгги йилларда ортиб бормоқда. Айниқса, янги авлод сунъий интеллект моделлари разведка олиб бориш, заифликларни аниқлаш ва улардан фойдаланиш каби жараёнларни тезлаштира олиши хавотирларни кучайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ номаълум хакер даркнетда Қозоғистоннинг 15 миллион аҳолисига оид маълумотларни сотувга қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All