Рустам Миннихонов Шавкат Мирзиёевга таъзия билдирди
Local
−
10:01 13990 2 minutes
Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов Нижнекамск шаҳрига дронлар ҳужуми оқибатида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ҳалок бўлиши муносабати билан Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонга ҳамдардлик телеграммасини йўллади. Бу ҳақда республика раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Рустам Миннихонов Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларига ҳамдардлик телеграммаларини йўллади. Ҳалок бўлганлар орасида жами 9 киши уларнинг фуқаролари”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ҳужум оқибатида 1 нафар Тожикистон фуқароси ва 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Миннихонов телеграммада ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатилишини билдирган.
“Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш аламини бирга баҳам кўрамиз. Бу оғир дамларда фикр ва туйғуларимиз мудҳиш теракт қурбонларининг оилалари билан. Уларга жасорат, руҳий куч ва матонат, барча жабрланганларга эса тезроқ соғайиб кетишини тилайман”, деб ёзган Миннихонов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 август куни Татаристон Ҳукумати Матбуот хизмати республика душманнинг учувчисиз учиш қурилмалари ҳужумига учраганини маълум қилганди. Ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан, бир нафар бола ҳалок бўлган. 78 киши ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 25 нафари шифохонага ётқизилган.
Украина қуролли тузилмалари томонидан Татаристон Республикасининг саноат ва фуқаролик объектларига уюштирилган террорчилик ҳужуми ортидан Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Республикада мотам эълон қилинди.

Воқеада ҳалок бўлган ўзбекистонликлар 8 нафарни ташкил этмоқда. Мазкур ҳодиса юзасидан Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазирнинг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилди.
Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган ўзбекистонликларни эса ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.
Кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова дипломатик идора сайтида Украина Қуролли кучлари Нижнекамскдаги хорижликлар истиқомат қиладиган жойга Россия Федерациясининг дўст мамлакатлар билан қардошлик муносабатларига нифоқ солиш учун мақсадли равишда зарба бергани ҳақида изоҳ қолдирган.
Live
All