15 ёшли ўзбекистонлик қиз Африканинг энг баланд чўққисини забт этди
−
18:45 618 2 minutes
15 ёшли ўзбекистонлик Асал Максумова Африканинг энг баланд нуқтаси – 5 895 метрлик Килиманжаро чўққисига чиқиб, Ўзбекистондан бу маррага етган энг ёш инсон бўлди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Асал Максумова Килиманжарога чиқишни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаган. Экспедиция Project Independence лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Экспедиция иштирокчилари тоғнинг машҳур Марангу йўналишини танлаган. Олти кун давом этган сафар давомида улар қарийб 72 километр масофани босиб ўтган. Йўл нам тропик ўрмонлардан тортиб, баланд тоғ чўллари ва қорли ёнбағирларгача бўлган турли табиий ҳудудлардан ўтган.
Чўққига чиқишнинг энг қийин қисми якуний босқичи бўлиб, унда иштирокчилар қарийб 14 соат йўл юрган. Бу вақтда баландликда ҳарорат минус 10 даражагача пасайган, қор ёғиб, кучли шамол эсган.
Асал экспедиция давомида 3 720 метр баландликда жойлашган Хоромбо лагерида жамоаси билан ўзбек паловини тайёрлаган. Шунингдек, у тоғда учта миллий рақсни ижро этган.
Асал Максумова 7 ноябрь куни Instagram саҳифасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаган. Унда Килиманжаро чўққисига кўтарилишини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаганини ва бу орқали чўққига чиққан энг ёш ўзбекистонлик бўлганини билдирган.
“Умид қиламанки, ўз юксалишим орқали кўплаб ёшларни янги ташаббусларга илҳомлантира оламан”, деган Асал Максумова
Маълумот учун, Килиманжаро Африка қитъасининг энг баланд тоғ массиви бўлиб, унинг Ухуру чўққиси денгиз сатҳидан 5 895 метр баландликда жойлашган. Тоғ 1987 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Live
All