Тарихий кун: Samarqand-2028 сунъий йўлдоши орбитага учирилди (видео)
Local
−
05 August 13216 2 minutes
Бугун, 5 август куни STAR.VISION компанияси томонидан Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан Samarqand-2028 ва Lampung-1 гиперспектрал сунъий йўлдошлари муваффақиятли учирилди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик лойиҳалардан бири бўлиб, миллий космик дастур ривожида янги босқични бошлаб берди. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари томонидан сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модули ишлаб чиқилган. Ушбу технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитада қайта ишлаш имконини бериб, маълумотларни узатиш ва таҳлил қилиш самарадорлигини оширади.
Вазирликка кўра, Samarqand-2028 миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда космик технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Сунъий йўлдошга Samarqand-2028 номи берилиши рамзий аҳамиятга эга. Ушбу ном 2025 йилда Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида (IAC) қабул қилинган қарор билан 2028-йилги конгресс Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланганига ишора қилади.
Фазога учириш жараёнини тўлиқ қуйидаги ҳаволаларда томоша қилишингиз мумкин:
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевга космосга сунъий йўлдош учириш ҳамда биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишуви бўлиб ўтганди. Тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган эди. Лойиҳа доирасида мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028 йилда “Мирзо Улуғбек” номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинганди.
Шунингдек, тақдимот давомида давлат раҳбарининг ташаббуси билан биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланганди. Бундан ташқари, 2028 йилда Самарқанд шаҳрида космос бўйича халқаро конгресс ўтказиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган. Мазкур учирилган Samarqand-2028 сунъий йўлдошнинг номи эса мана шу тадбир шарафига номларган.
Live
All