Совет сунъий йўлдоши орбитада парчаланиб кетди

World

−

image

Совет даврида учирилган “Метеор-2-7” метеорологик сунъий йўлдоши Ерга яқин орбитада парчаланиб кетди. Бу ҳақда космик фазони кузатишга ихтисослашган “LeoLabs” компанияси маълум қилди.

Компания сунъий йўлдош парчаланишини Ғарбий Австралиядаги кузатув станцияларидан бири устидан учиб ўтаётган пайтда қайд этган. 1981 йилда учирилган “Метеор-2-7” аппарати яқинида бир неча ўнлаб парча аниқланган.

Бу сўнгги ойларда кузатилган биринчи шундай ҳодиса эмас. 2026 йил сентябрь ойида Совуқ уруш даврида учирилган АҚШнинг USA 32 разведка сунъий йўлдоши парчаланган. Август ойи охирида эса Хитой ракетасининг бир босқичи Ерга яқин орбитада парчаланиб кетган.

Бундан ташқари, SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдоши билан ҳам шундай ҳодиса юз берган. 2026 йил январь ойида Россиянинг сунъий йўлдошларни кузатиш ва текшириш учун мўлжалланган аппарати ҳам парчаланиб кетган. Бироқ у Ерга яқин орбитада эмас, анча баланддаги геостационар орбитада бўлган.

“Бу сўнгги олти ой давомида кузатаётган шундай ҳодисалар туркумидаги навбатдаги воқеа. Улар биргаликда космик фазо хавфсизлигига таҳдид солувчи хавотирли тенденцияни кўрсатмоқда ва космосни узлуксиз кузатиб бориш ниҳоятда муҳимлигини таъкидлайди”, дейилади LeoLabs компаниясининг X ижтимоий тармоғидаги хабарида.

Мутахассислар орбитадаги сунъий йўлдошлар сони ортиб бораётгани тўқнашувлар хавфини кучайтириши ҳақида узоқ вақтдан бери огоҳлантириб келади. Парчаланган ҳар бир аппарат орбитада янги чиқиндиларни ҳосил қилади. Улар бошқа сунъий йўлдошларга урилиб, янада кўпроқ бўлакларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада занжирли реакция юзага келиши эҳтимоли бор.

Европа космик агентлиги маълумотларига кўра, 2005 йилда Ер орбитасида тахминан 16 мингта космик чиқинди бўлаги кузатилган. 2026 йилга келиб, бу кўрсаткич 44 мингдан ошган. Яъни чиқиндилар сони қарийб 180 фоизга кўпайган.

Космик чиқиндиларнинг аксарияти кичик бўлса-да, улар жуда катта тезликда ҳаракатланади. Шу сабабли, ҳатто кичик парча билан тўқнашув ҳам сунъий йўлдош ёки бошқа космик аппаратга жиддий зарар етказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX компаниясининг Starship космик кемаси илк орбитал парвозини амалга ошириб, уч соатга яқин парвоздан сўнг Гавайи оролларининг шимолидаги Тинч океанига қўнганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends