Тадбиркорларга иқтисодий амнистия эълон қилинди
Local
−
18:37 934 2 minutes
Ўзбекистонда жорий йил 31 декабргача кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилинади. Бу ҳақда Президент кеча, 27 август куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз боради.
Фармон қуйидагиларни назарда тутади:
- иқтисодий амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи (бундан пеня мустасно) 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда, ушбу қарздорлик бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва улар билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади;
- аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда тузатиш киритилиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда ушбу суммага нисбатан пеня ҳисобланмайди;
- тадбиркорлик субъектлари солиқлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади;
- иқтисодий амнистия доирасида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда бартараф этганларнинг Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги баллари туширилмайди;
- 2026 йил 1 январга қадар шаклланган қуйидаги қарздорликлар ҳисобдан чиқарилади:
- солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун қўлланган маъмурий жариманинг тўланмаган қисми;
- қатъий белгиланган миқдордаги айланмадан олинадиган солиқни тўловчи субъектларга қўлланган молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми;
- аввал расмийлаштирилган меҳнат шартномалари Ягона миллий меҳнат тизимига киритилишига рухсат берилади ҳамда кечиктириб киритилганлиги сабабли жарима қўлланмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
All