“Сув балоси”: Непал ва Хитойдаги фожиа қурбонлари 500 дан ошди
World
−
21:20 976 2 minutes
Непал ва Хитойда музлик қулаши оқибатида юзага келган сув тошқинларида камида 552 киши ҳалок бўлди, қарийб минг киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 август куни музлик қулаши ортидан тоғлардан катта ҳажмдаги тош, муз, лой ва бошқа чиқиндилар дарёларга оқиб тушган. Бу Непал ва Хитойнинг Тибет ҳудудидаги қишлоқлар, йўллар ва кўприкларни вайрон қилган.
Шунингдек, сув тўпланиши оқибатида ҳудудда катта кўл ҳосил бўлган. Бугун, 28 август куни кўлдаги сув ҳажми 2,5 млн куб метрга етган. Сувнинг Лхенде Кхола дарёсига, ундан эса Тришули дарёсига оқиб тушиши қутқарув ишларининг тахминан уч соатга тўхтатилишига сабаб бўлган.
Кейинчалик сув сатҳи атиги 0,6 метрга кўтарилгани ва кўл ёрилиб кетиши хавфи бошқариладиган даражада экани аниқланган. Шундан сўнг қутқарув ишлари қайта тикланган.
Маълумотларга кўра, Непалда 547 киши, Хитойнинг Тибет ҳудудида эса 5 киши ҳалок бўлган. Икки мамлакатда қарийб 1 минг киши бедарак йўқолган. Уларнинг камида 540 нафари хорижий фуқаролар бўлиб, кўпчилиги Ҳиндистондан Тибетдаги Кайлаш тоғи ва Манасаровар кўлига зиёратга йўл олганлар ҳисобланади.
Табиий офатдан 90 мингдан ортиқ одам зарар кўрган. Ҳудуддаги йўллар ва кўприкларнинг вайрон бўлиши сабаб ёрдам юкларини олиб келаётган транспорт воситалари ҳам ҳаракатлана олмай қолган.
Хитой Президенти Си Цзиньпин қутқарув ишларини кучайтириш, бедарак йўқолганларни излаш ҳамда музлик кўллари ва кўчки хавфини доимий мониторинг қилиш бўйича топшириқ берган.
Шу билан бирга, Непал ҳукумати хорижий давлатларнинг қидирув-қутқарув гуруҳларини юбориш бўйича таклифларини ҳозирча рад этган. Маълумотларга кўра, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Шри-Ланка ва Бангладеш ёрдам таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непал ва Хитой чегарасида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида камида 472 киши ҳалок бўлиб, 1,5 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолгани, шунингдек, йўқолганлар орасида 30 дан ортиқ давлат фуқаролари, жумладан, сайёҳлар, ишчилар ва зиёратчилар ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All