“Сув балоси”: Непалдаги фожиада 30 дан ортиқ давлат фуқаролари бедарак йўқолди
Олам
−
11:16 480 2 дақиқа
Непал ва Хитой чегарасида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида камида 472 киши ҳалок бўлди, 1,5 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолди. Бедарак йўқолганлар орасида 30 дан ортиқ давлат фуқаролари, жумладан, сайёҳлар, ишчилар ва зиёратчилар ҳам бор. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, минглаб одамлар қутқарилган, жароҳатланганларнинг айримлари Непал пойтахти Катманду ҳамда яқин ҳудудлардаги шифохоналарга олиб борилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани сабабли бедарак йўқолганларнинг сони ўзгариши мумкин.
Непал Табиий офатларни бошқариш бошқармаси мамлакатда 469 киши ҳалок бўлгани, 977 киши бедарак йўқолганини маълум қилган. Шунингдек, 3 253 киши вертолётлар ёрдамида қутқарилган.
Хитойнинг Тибет ҳудудида эса камида уч киши ҳалок бўлган, 558 киши бедарак йўқолган. Уларнинг 260 нафари хорижликлар экани айтилмоқда. Бундан ташқари, Непал ҳудудида қарийб 100 нафар Хитой фуқароси билан ҳам алоқа йўқолган.
Табиий офатдан Ҳиндистон, АҚШ, Малайзия, Украина, Австралия, Буюк Британия, Канада, Жанубий Корея, Сингапур, Германия, Россия, Жанубий Африка, Латвия, Япония, Янги Зеландия, Франция, Бельгия ва Испания фуқаролари ҳам зарар кўрган.
Хусусан, Ҳиндистоннинг 288, АҚШнинг 90, Украинанинг 55, Малайзиянинг 51, Австралиянинг 39 ва Буюк Британиянинг 33 нафар фуқароси билан алоқа йўқолган.
Россиянинг Непалдаги элчихонаси ҳам саккиз нафар россиялик бедарак йўқолганини маълум қилган.
Непал расмийларига кўра, кўплаб хорижликлар ҳудудга саёҳат, иш ёки Тибетдаги ҳиндулар учун муқаддас ҳисобланган Кайлаш тоғида зиёрат қилиш учун келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непал ва Тибетда юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси