Сурхондарёда директорлар молхона таъмирлашга мажбурландими? (видео)

Local

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида мактаб директорлари ҳоким топшириғи асосида аҳоли уйларини, хусусан молхоналарни таъмирлашга мажбурланаётгани айтилган видео тарқалди. Видеода мактаб директорлари аҳоли уйларига яқин темир йўл бўйида турганини кўриш мумкин. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Бошқармага кўра, Жарқўрғон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи томонидан тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари директорлари 42-сонли умумий ўрта таълим мактабига чақиртирилган.

Видеода акс этган ҳудудда, хусусан, темир йўл бўйида жойлашган фуқаролар хонадонлари атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаган. Ўқитувчи ва директорларни иш вақтида сабабсиз йиғилишга жалб қилгани учун Жарқўрғон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъулларига нисбатан белгиланган тартибда интизомий чора кўриш бўйича таклиф киритилган.

Айни пайтда Жарқўрғон туманида масъуллар томонидан берилган топшириқларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, уларни бажариш жараёнида ходимларга нисбатан мажбурлаш ёки босим ўтказилгани бўйича вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

“Шу билан бирга, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўқитувчиларни мазкур ишларга мажбурий жалб қилиш бўйича топшириқ берилмаганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Бошқарма директорлар нима учун темир йўл бўйига олиб борилганига изоҳ бермаган.

Шунингдек, ҳолат бўйича Давлат меҳнат инспекцияси ҳам муносабат билдириб, вазият назоратга олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда тарқалган видеодаги ҳолатнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилганлигини ўрганиш мақсадида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари қўлланилади. Ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча ахборот берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги жамоат саломатлиги техникуми педагогларини хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилган мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends