Сурхондарёда блэкаут. Марказий Осиёнинг катта шаҳарлари ҳам чироқсиз қолди
Local
−
16:04 4153 2 minutes
Марказий Осиёнинг қатор шаҳарлари, жумладан, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида ҳам электр энергияси узилиши кузатилди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, қўшни мамлакатнинг энергетика тизимида юз берган авария Марказий Осиё энергетика тизимига таъсир кўрсатган. Натижада Сурхондарё ва бошқа айрим вилоятларнинг электр таъминотида узилиш кузатилган.
Ҳозирги вақтда энергетиклар томонидан электр таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда. Қўшимча маълумот берилади.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга кўра, ягона энергетика тизимида бир неча поғонали аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида республиканинг айрим ҳудудларида фавқулодда ўчишлар кузатилган. Айни пайтда мутахассислар содир бўлган носозлик сабабларини аниқлаб, унинг оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
“Тармоқларга навбатма-навбат кучланиш бериш ишлари амалга оширилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
“24.kg”нинг ёзишича, Бишкекда ҳам электр энергиясида қисқа муддатли узилиш юз берган. Мамлакат Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, мутахассислар содир бўлган ҳодисанинг сабаблари ва тафсилотларини ўрганмоқда.
Тожикистон ОАВлари ҳам электр таъминотидаги муаммолар ҳақида хабар бермоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, Душанбе ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари аҳолиси электр узилишларига дуч келмоқда.
“Tengrinews” маълумотларига кўра, бугун, 14 август куни соат 14:38 да KEGOC компаниясига тегишли бўлган 500 киловольт кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларида авариявий ўчиш юз берган. Оқибатда ҳалокатга қарши автоматика тизими ишга тушган, узилиш эса Олмаота шаҳри ва Олмаота вилояти истеъмолчиларига таъсир қилган. Ўчирилган юклама ҳажми 300 мегаваттни ташкил этган.
Live
All