Эрдўғанни Алиевнинг ҳузурига нима етаклаб борди?
Review
−
10 November 576 10 minutes
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған инқирозлар энг авжига чиққан, Анқара ва Баку муносабатлари қил устида турган, халқаро эксперт-таҳлилчилар эса икки давлат ўртасида йирик қарама қаршилик юз беришини кутаётгани фонида Қорабоғ озод этилганининг олти йиллиги муносабати билан рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлигида Озарбайжонга борди.
Озарбайжон учун 8 ноябрь ўта муҳим кун. Айнан шу куни, 2020 йилда, Қорабоғдаги 44 кунлик уруш Озарбайжоннинг ғалабаси билан якунланган. Шу боис мамлакатда бу сана Ғалаба куни сифатида кенг нишонланади ва замонавий Озарбайжон тарихидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.
Фузулий аэропортида Ражаб Тойиб Эрдўғанни Илҳом Алиевнинг шахсан ўзи, рафиқаси Меҳрибон Алиева ва қизи Лейла Алиева билан кутиб олди. Бу шунчаки дипломатик учрашув эмас, балки оилавий яқинлик эди. Биринчи хонимларнинг қучоқлашиб кўришиши, самимий мулоқоти, икки давлат раҳбарининг журналистлар камералари қаршисидаги табассуми расмий дипломатия ортида шахсий муносабатлар ва ўзаро яқинлик ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
Айнан шу манзаранинг ўзиёқ Туркия ва Озарбайжон муносабатлари бундан буён қандай давом этиши, Эрдўған бу ташрифдан қандай натижа кутаётгани ҳақидаги саволларга аэропортнинг ўзидаёқ рамзий жавоб бўлди.
Ташрифнинг асосий мақсади қандайдир ҳужжатлар имзолаш, расмий маросимларда иштрок этиш, ёки мамлакатлар ўртасидаги расмиятчиликдан иборат эмас. Аксинча, асосий мақсад икки мамлакат ўртасидаги яқин муносабатларни кўз-кўз қилиш, халқаро таҳлилчиларнинг “Анқара ва Баку алоқалари инқироз ёқасида турибди, томонлар бир-бирига қарши позицияни эгаллаши мумкин”, деган тахминларига нуқта қўйиш эди.
Алиев гапини қайтариб олди
8 ноябрь куни Туркия раҳбарини Шуша шаҳрида расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. Тадбирда икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди. Туркия ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янгради. Расмий маросим якунланганидан кейин икки давлат раҳбари Шуша шаҳри ҳокимлиги биносига кириб, тор доирада юзма-юз учрашув ўтказди.
Шуша губернаторлигида бўлиб ўтган яккама-якка учрашувдан сўнг Туркия Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан қўшма матбуот анжумани ўтказди.
Қорабоғ ғалабасининг 6 йиллигида Озарбайжонда бўлганидан хурсанд эканлигини ифода этган Эрдўған Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги биродарликни заифлаштиришга уринаётган кучлар ҳеч қачон мақсадига эриша олмаслигини билдирди. Эрдўғаннинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихдаги турли синовлардан ўтиб, бугунги юксак даражага етган. У Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги яқинликни “Бир миллат, икки давлат” шиори билан ифодалаган.
“Бу қалб бирлиги муштарак ўтмишимиздан куч олиб, келажагимизга нур сочувчи сўнмас машъалдир”, дейди Туркия раҳбари.
Шунингдек, Эрдўған Озарбайжоннинг 44 кунлик уруш оқибатида ўз ҳудудларини босқиндан озод қилиши Жанубий Кавказда янги давр бошланишига йўл очганини айтган. У 2021 йилнинг 15 июнь куни Шуша шаҳрида имзоланган декларацияни ҳам эслатиб, ушбу ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги биродарликни иттифоқчилик даражасида мустаҳкамлаганини таъкидлаган.
“Биродарлигимизни заифлаштиришни истаганлар кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам ўз мақсадларига асло эриша олмайди”, дейди Эрдўған.
Туркия Президенти Озарбайжоннинг Қорабоғни қайта тиклаш ва минтақани аввалги жонли ҳаётига қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Анқара Бакунинг ўз ҳуқуқлари учун курашишини, шунингдек, минтақада барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Озарбайжон Президенти Туркия ва Озарбайжон бирлиги абадий ва мустаҳкам эканини таъкидлаб, икки давлат ўртасига киришга уринаётганлар ҳеч қачон муваффақият қозона олмаслигини айтган.
Шунингдек Алиев ўз нутқида Иккинчи Қорабоғ уруши давомида Туркия ва унинг халқи Озарбайжонни қўллаб-қувватлаганини тан олди. Гарчи Алиев атиги бир ой аввал бошқача фикрда бўлган бўлса ҳам.
“44 кун давомида сиз, ҳурматли президент Эрдўған, ва биродар турк халқи биз билан бирга бўлдингиз. “Озарбайжон ёлғиз эмас”, деган баёнотингиз бизга қўшимча куч бағишлади. Бу ҳеч қачон унутилмайди”, деб айтган Озарбайжон етакчиси”.
Шунингдек, Алиев 44 кунлик уруш давомида Озарбайжон армияси 300 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқни озод қилганини, жангларда 3 минг нафар ҳарбий ҳалок бўлганини айтган. У уларнинг қони ерда қолмаганини ва тарихий адолат тикланганини таъкидлаган.
Алиев 44 кунлик уруш Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги бирликни яна бир бор намоён этганини қайд этган. Урушдан етти ой ўтиб, Шуша шаҳрида имзоланган декларация эса икки давлат муносабатларини расман иттифоқчилик даражасига олиб чиққанини айтган.
Бироқ бундан атига бир ой аввал 2 октябрь куни У Озарбайжон урушда ёлғиз бўлганини, ҳеч ким ёрдам бермаганини ва мамлакат қўлга киритган барча қурол-яроғини ўз маблағига сотиб олганини таъкидлаганди. Бу гаплар Туркияда ҳам норозилик ва саволларни келтириб чиқарган эди.
“Биз ёлғиз эдик. Барча қудратли ҳомийлар бизга қарши эди. Бизга ҳеч кимнинг ёрдами ёки ҳомийлиги керак эмас. Ёрдамга муҳтож бўлганимизда, ҳеч ким ёрдам бермади. Нимага эга бўлган бўлсак, барчасини ўз маблағимизга сотиб олдик”.
Матбуот анжуманидан сўнг икки президент Шуша қалъаси олдига борди ва у ерда биргаликда суратга тушди. Шундан сўнг, Эрдўған Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Хўжали шаҳридаги Хўжали геноциди ёдгорлигига борди. Икки давлат раҳбари ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.
Туркия Президентининг расмий баёнотига кўра, Эрдўған кейинчалик Хўжали фожиаси музейини ҳам кўздан кечирган, мутасаддилардан маълумот олган ва хотира китобига қайд ёзган. Шундан кейин давлат раҳбарлари Ханкенди шаҳрида Қорабоғдаги ғалаба шарафига ўрнатилган Ғалаба монументига ташриф буюрди. Икки президент монумент пойига гулчамбар қўйди. Эрдўған ҳалок бўлганлар хотирасига дуо қилди.
Бу ташрифнинг эътиборга молик жиҳати шундаки, Эрдўған ўзи Озарбайжонга ҳеч қандай амалий ташриф билан келгани йўқ. У ҳеч қандай катта расмий тадбирлар ўтказилмаса ҳам ўзининг энг ишонганлари йиғилган делегацияни олиб келди. Улар орасида Туркия Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Қалин, Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳамда собиқ бош вазир, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам бор эди. Нега уларнинг борлиги аҳамиятли? деб сўрасангиз, инқироз фонида Ҳоқон Фидан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (CICA) VII саммитида иштирок этиш учун 15 октябрь куни Озарбайжонга борганди. У Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қабулида ҳам бўлган. Бу мулоқотларда икки давлат муносабатларининг ҳолати ва сўнгги сиёсий жараёнлар муҳокама қилинган.
Биринчи хонимлар нима билан банд эди?
Шушада Меҳрибон Алиева қизи Лейла Алиева билан Эмине Эрдўғанни чой устида суҳбатга таклиф қилди.
Бундай учрашувлар дипломатик протоколда норасмий мулоқот учун имконият яратади. Давлат раҳбарларининг расмий музокараларидан фарқли равишда, биринчи хонимлар ўртасидаги суҳбатлар маданий, ижтимоий ва гуманитар алоқаларни намоён этишга хизмат қилади. Шу маънода, Эмине Эрдўған ва Меҳрибон Алиеванинг биргаликда кўриниш бериши ҳам Анқара ва Боку ўртасидаги яқинликнинг яна бир рамзий ифодаси бўлди.
Эрдўғанинг энг севимли қўшиғи куйланди
Қардошлик ришталарини яна бир бор намойиш этган бу кунни расмий зиёфатсиз якунлаб бўлмасди. Ханкендида Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиева номидан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда унинг рафиқаси Эмина Эрдўған шарафига расмий зиёфат ташкил этилди. Тадбир давомида концерт дастури ҳам намойиш қилинди.
Ижро этилган куй-қўшиқлар орасида Туркия раҳбарининг энг севимли қўшиқларидан бири ҳам бор эди. Бу қўшиқнинг танланиши бежиз эмас. Гап Эрдўғаннинг ўзи ҳам куйлаб юрган, сайловолди кампанияси вақтида ҳам ижро этган қўшиғи ҳақида кетмоқда.
Қўшиқ номи “Биз бу йўллардан биргаликда ўтдик” деган маънони англатади. Унинг зиёфат дастуридан жой олиши Эрдўғанга бўлган ҳурмат ифодаси бўлиш билан бирга, Туркия ва Озарбайжоннинг бугунги кунларга биргаликда етиб келганини англатади.
Зиёфатдан сўнг Эрдўған ва Алиев рафиқалари билан биргаликда Иккинчи Қорабоғ уруши қаҳрамонлари ҳамда “Қорабоғ” ва “Зафар” орденлари билан тақдирланган ҳарбий хизматчилар билан учрашди.
Анқара ва Баку муносабатлари нега совуқлашди?
Эрдўғаннинг Озарбайжонга ташрифи нима учун муҳим бўлганини тушуниш учун бундан бир неча ҳафта аввалги воқеаларга назар ташлаш керак.
2026 йил октябрь ойида Анқара ва Баку муносабатларида совуқлик юзага келганди. Бунга бир нечта омил сабаб бўлди. Озарбайжонда мактаб формаси ва рўмолга оид диний қоидалар юзасидан Туркияда танқидлар янгради. Баку буни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш сифатида қабул қилди. Айрим туркиялик фуқароларнинг Озарбайжонга киришига чекловлар қўйилиши ва Туркия расмийлари ўртасидаги кескин баёнотлар ҳам вазиятни мураккаблаштирди.
Тарангликнинг яна бир белгиси 30 октябрь куни Анқарада ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида намоён бўлди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев саммитда шахсан қатнашмади, мамлакат делегациясига ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов бошчилик қилди. Бу ҳолат халқаро матбуотда икки давлат муносабатларидаги совуқлик билан боғлиқ ҳолда талқин қилинди.
Бундан ташқари, Анқара ва Баку ўртасидаги айрим минтақавий сиёсий қарашлар, хусусан, Арманистон билан муносабатлар ва Исроил билан ҳамкорлик масалалари ҳам муносабатлар фонида муҳокама қилинди. Бу воқеаларнинг тафсилотлари ҳақида QALAMPIR.UZʼнинг YouTube каналида алоҳида дастур тайёрлаганмиз. Мавзунинг батафсил таҳлилини шу ердан кўришингиз мумкин.
Туркия ва Озарбайжонни фақат икки президентнинг шахсий муносабатлари ёки тарихий яқинлик боғлаб турмайди. Бу алоқаларнинг ортида сиёсий, иқтисодий, энергетик ва ҳарбий манфаатлар ҳам бор. Хўш, Туркия учун Озарбайжоннинг аҳамияти нимада? Баку Анқара билан муносабатларни сақлаб қолишдан қандай манфаат кўради? Ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни сиёсий келишмовчиликлар қанчалик заифлаштириши мумкин?
Иқтисодий ва энергетик боғлиқлик: Туркияга Озарбайжондан нима наф?
Туркия ва Озарбайжон муносабатларининг энг мустаҳкам асосларидан бири – иқтисодий ва энергетик ҳамкорлик. Сиёсий келишмовчиликлар юзага келган тақдирда ҳам, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар муносабатларни сақлаб қолувчи муҳим омил бўлиб қолади. Озарбайжон Туркиянинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири. Туркия эса Озарбайжоннинг экспорт ва импорт операцияларида асосий ҳамкорлар қаторига киради. Озарбайжоннинг Туркиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2025 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 5,72 миллиард долларни ташкил этган. Шундан Озарбайжоннинг Туркияга экспорти 3,38 миллиард доллар, Туркиянинг Озарбайжонга экспорти эса 2,34 миллиард доллар бўлган. 5 ноябрь куни Жанубий Кореядан қайтаётган Эрдўған журналистларга бу икки томонлама савдо ҳажмидаги ушбу рақамлар 11 миллиард доллардан ошганини, уни 15 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганини ҳам маълум қилган.
Кўриб турганингиздек, мазкур рақамлар Туркия ва Озарбайжон муносабатлари реал иқтисодий манфаатлар билан боғланганини очиқлаб турибди. Озарбайжоннинг Туркия иқтисодиётидаги иштироки ҳақида гап кетганда, SOCAR компаниясини алоҳида кўрсатиш керак. SOCAR Озарбайжоннинг давлатга тегишли энергетика компанияси бўлиб, унинг Туркиядаги фаолияти нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, логистика ва бошқа йўналишларни қамраб олади. Туркиядаги энг йирик Озарбайжон инвестицияларидан бири – Измир вилоятининг Алиоға ҳудудида жойлашган STAR нефтни қайта ишлаш заводи. Озарбайжон элчихонаси маълумотига кўра, заводга киритилган капитал инвестиция 6,3 миллиард долларни ташкил этган. Бу лойиҳа Озарбайжон капиталининг Туркия саноатидаги йирик иштирокини кўрсатади. SOCARʼнинг Туркиядаги фаолияти фақат хом нефть етказиб бериш билан чекланмай, уни қайта ишлаш ва саноат маҳсулотларига айлантиришни ҳам ўз ичига олади. Шу жиҳатдан SOCAR Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг асосий институционал таянчларидан бири ҳисобланади. Бироқ SOCARʼни Озарбайжон сиёсий элитасининг барча иқтисодий манфаатларини ифодаловчи ягона компания сифатида кўрсатиш тўғри эмас. Компания давлатга тегишли бўлса-да, унинг Туркиядаги фаолияти иқтисодий ва саноат манфаатлари доирасида таҳлил қилиниши керак.
Туркия Озарбайжон газига қанчалик боғлиқ?
Энергетика муносабатлари икки давлат ҳамкорлигининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Озарбайжон Туркияга табиий газ етказиб беради. Бу ҳамкорликнинг асосий инфратузилмаларидан бири – TANAP, яъни Транс-Анадолу газ қувури. TANAP Озарбайжон газини Грузия орқали Туркияга етказиб, кейинчалик европа бозорларига узатиш имконини берувчи Жанубий газ йўлагининг муҳим қисмидир. Бундан ташқари, Баку – Тбилиси – Жайҳун нефть қувури Озарбайжон нефтини Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилига етказади. Ушбу йўналиш Озарбайжоннинг халқаро энергетика бозорига чиқишида муҳим роль ўйнайди.
Туркия учун бу ҳамкорлик энергия манбаларини диверсификация қилиш ва минтақавий транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини беради. Озарбайжон учун эса Туркия катта истеъмол бозори ва энергетика маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишда муҳим ҳамкор ҳисобланади. Бу ўзаро манфаатли боғлиқликдир. Шу сабабли икки давлат ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликка ҳам таъсир қилиши мумкин, бироқ мавжуд иқтисодий манфаатлар муносабатларни юқори даражада мустаҳкам сақлаб қолиш учун кучли рағбат яратади.
Live
All