Сохта ҳужжатлар орқали 11 нафар фуқаро номига кредит олган “шоввоз” ушланди (видео)
Crime
−
25 July 5248 2 minutes
Қашқадарёда қалбакилаштирилган гувоҳнома ва маълумотномалар ёрдамида 12 нафар фуқаро номига жами 783 миллион сўмлик кредит расмийлаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Қарши шаҳрида яшовчи Руслан Умидов Қўриқлаш хизмати ходимининг сохта хизмат гувоҳномаси ҳамда Миллий гвардия ҳарбий қисми номидан иш ҳақи кўрсатилган қалбакилаштирилган маълумотномаларни тайёрлаган. Ушбу ҳужжатлар орқали у фуқаролар номига банк кредитларини расмийлаштириш билан шуғулланган.
Аниқланишича, Умидов дастлаб Ўзмиллийбанкнинг Ғузор тумани банк хизматлари офиси орқали фуқаро Фарҳод Иминов номига 60 миллион сўм кредит олишга эришган. Шундан сўнг у яна 11 нафар фуқаро номига сохта ҳужжатлар тайёрлаб, умумий ҳисобда 783 миллион сўмлик кредитларни расмийлаштиргани маълум бўлган.
Гумонланувчи наманганлик фуқаро Исмоил Давронов номига ҳам қалбакилаштирилган ҳужжатлар орқали кредит олишга ҳаракат қилган пайтда тезкор тадбир давомида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида банк филиалининг собиқ раҳбари фуқаронинг хабари ва розилигисиз унинг номига кредит расмийлаштириб, маблағни ўзлаштиргани аниқланган эди.
Live
All