Собиқ вазир Қўчқоров АҚШда курьерлик қилаётгани маълум бўлди (видео)

World

image

Қирғизистоннинг Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш бўйича собиқ вазири Улуғбек Қўчқоров АҚШда курьерлик қилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ва пост муаллифи Қирғизистон Жогорку Кенешининг собиқ депутати Улуғбек Қўчқоров деб атайётган эркак акс этган видео оммалашиб бормоқда. Эълон қилинган кадрларда эркак киши автомобиль багажига пакетларни юклаётганини кўриш мумкин. Пост муаллифларининг билдиришича, у АҚШда Amazon компаниясида курьер бўлиб ишламоқда.

Ушбу видео фойдаланувчилар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўплаб шарҳ қолдирувчилар ҳар қандай ҳалол меҳнат ҳурматга лойиқ эканлигини қайд этган. Баъзилар эса Қўчқоровнинг сиёсий фаолиятини ва Қирғизистондаги давлат лавозимларида ишлаган даврларини ёдга олган.

Очиқ маълумотларга кўра, Улуғбек Қўчқоров “Ата-Журт” партиясидан V чақириқ Жогорку Кенеш депутати бўлган. 2017 йилда у президентлик сайловларида иштирок этган, 2018 йил октябрида эса Қирғизистон Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири этиб тайинланган.

2020 йилда у “Бирдамлик” партиясидан парламент депутатлигига ўз номзодини қўйган. 2020 йил октябрь ойидаги сиёсий воқеалардан сўнг Қўчқоров вазир лавозимидан озод этилган.

Бир қатор нашрларнинг маълумотларига кўра, у сўнгги бир неча йилдан бери оиласи билан Чикагода истиқомат қилмоқда. Шу билан бирга, у ўзининг ҳозирги фаолияти ҳақидаги маълумотларни оммага изоҳламаган.

Маълумот учун, 2020 йил октябрь ойида Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловларидан кейин мамлакатдаги сиёсий вазиятни бутунлай ўзгартириб юборган оммавий норозилик намойишлари ва ҳокимият алмашинуви юз берди. Мамлакатда бир неча кун давомида сиёсий ноаниқлик ва бошбошдошлик ҳукм сурди. Ҳукумат аъзолари, вазирлар ва шаҳар ҳокимлари бирин-кетин ўз лавозимларини тарк эта бошлади (Улуғбек Қўчқоровнинг вазирликдан кетиши ҳам айнан шу даврга тўғри келади). Мухолифат ва намойишчиларнинг талаби билан 15 октябрь куни Президент Сооронбай Жээнбеков қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида ўз хоҳиши билан истеъфо берди. Ҳокимият тепасига бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров келди. Кейинчалик, 2021 йил январь ойида ўтказилган муддатидан олдинги сайловларда у расман Қирғизистон Президенти этиб сайланди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends