Собиқ бош вазирнинг ўғли ҳибсга олинди

World

image

Арманистон собиқ бош вазири Овик Абрамяннинг ўғли, собиқ депутат ва Арташат шаҳри собиқ мэри Аргам Абрамян руҳонийни ёлланма қотиллик асосида ўлдиришга ундашда айбланиб, икки ойга ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Armenian Report” хабар берди.

Арманистон Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Абрамян рафиқасини “Евангелист эътиқоддаги христианлар” диний ташкилоти руҳонийси С.В. билан яқин муносабатда бўлганидан шубҳаланган. Шунингдек, аёл руҳонийга катта миқдорда пул бергани айтилмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, Абрамян қасос олиш мақсадида қотилликни ўз қўриқчиси Г.Х. га буюрган. Қўриқчи у билан молиявий ва шахсий жиҳатдан боғлиқ бўлган. 2023 йил 30 апрель куни у Еревандаги Мясникян проспектида руҳонийни отиб ўлдирган.

Тахминий ижрочига қотиллик ва қурол-яроғнинг ноқонуний муомаласи бўйича айблов қўйилган. Унинг иши 2024 йил апрель ойида судга юборилган. Адвокати эса ҳимоясидаги шахс айбини тан олмаслигини ва Абрамяннинг жиноятга алоқадорлигини тасдиқловчи тўғридан-тўғри далиллар йўқлигини билдирган.

Қайд этилишича, Абрамян жорий йилнинг 8 август куни Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Мамлакат омбудсмани Анаит Манасян эса Тергов қўмитасини иш иштирокчиларининг шахсий ва оилавий ҳаётига оид маълумотларни эълон қилгани ҳамда ўлдирилган руҳонийнинг диний мансублигини тилга олгани учун танқид қилган.

Аргам Абрамян Россияпараст “Гуллаб-яшнаётган Арманистон” партияси раҳбари ва тадбиркор Гагик Царукяннинг қизи билан турмуш қурган. Царукян ҳам июль ойидан буён йирик миқдордаги фирибгарликни ташкил этиш ва пул ювишда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда.

Нашрнинг ёзишича, суд Царукяннинг цемент ва коньяк ишлаб чиқарувчи корхоналарини давлат бошқарувига ўтказган. Унинг партияси июнь ойидаги парламент сайловларида 3,9893 фоиз овоз олиб, 4 фоизлик сайлов чегарасидан ўта олмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия валиаҳд маликаси Метте-Маритнинг ўғли Мариус Борг Хёйби бир нечта жиноятлар, жумладан, зўрлашда айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends