Собиқ амалдор коррупция ортидан ўлимга ҳукм қилинди
World
−
10:33 1816 2 minutes
Хитойнинг Нанкин шаҳри собиқ Халқ вакиллари кенгаши қўмитаси директори Лонг Сян бир нечта жиноятларда айбдор деб топилиб, 2 йилга кечиктирилган ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “China Daily” хабар берди.
Суд қарорига кўра, Лонг Сян пора олиш, давлат маблағларини ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ички ноқонуний савдо билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган. Шунингдек, Сян умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилинган ҳамда унинг барча шахсий мол-мулки мусодара қилинади.
Қайд этилишича, Лонг Сян 2009 йил январидан 2025 йил мартигача турли раҳбарлик лавозимларидан фойдаланиб, компания ва фуқароларга лойиҳалар учун шартномалар тузиш, маблағларни ундириш ҳамда айрим ишларни ҳал этишда ноқонуний ёрдам кўрсатган.
Бунинг эвазига у жами 261 миллион юандан (қарийб 36,5 миллион доллар) ортиқ пул ва мол-мулкни ноқонуний равишда қабул қилган.
Бундан ташқари, 2014–2016 йиллар оралиғида Лонг Сян бошқа шахслар билан тил бириктириб, Нанкин иқтисодий ва технологик ривожланиш зонасидан 12 миллион юан миқдоридаги молиявий кўмак маблағларини фирибгарлик йўли билан олган.
Суд, шунингдек, у 2009–2016 йилларда жиддий қонунбузарликлар бўйича текширув материалларини кўриб чиқиш вақтида айрим шахсларни шахсий манфаатлари йўлида ҳимоя қилгани ва бу давлат мулкига катта зарар етказганини аниқлаган.
2017–2018 йилларда эса Лонг Сян оммага ошкор қилинмаган ички маълумотлардан фойдаланиб, тегишли компаниялар акцияларини олдиндан сотиб олган. Ушбу битимларнинг умумий қиймати 10,05 миллион юандан ошган.
Суд унинг жиноятлари оғир бўлишига қарамай, бир қатор енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳам инобатга олган. Жумладан, Лонг Сян тергов давомида жиноятларини тан олган, илгари номаълум бўлган пора ва ўзлаштириш ҳолатларининг аксариятини ўзи маълум қилган, айбига иқрор бўлган ҳамда ноқонуний даромадларни қайтаришга ҳаракат қилган.
Суд маълумотига кўра, пора олиш ва маблағларни ўзлаштириш орқали қўлга киритилган ноқонуний пул ва мол-мулкнинг барчаси ундирилган. Лонг Сян иши бўйича очиқ суд мажлиси жорий йилнинг 10 апрель куни бўлиб ўтган.
Эслалиб ўтамиз, аввалроқ Германияда шифокор 15 нафар беморини ўлдиришда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All