“Сиздан уялиш керак, жаноб!” Нетаньяху Мамданига дакки берди (видео)

World

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида Исроилнинг фаластинликларга қарши ҳарбий ҳаракатларини ҳимоя қилишини ва Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамданини ҲАМАСни қўллаб-қувватлашда айблашини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Нетаньяху кеча, 22 сентябрь куни Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамданининг CNN телеканалига берган интервьюсидан сўнг баёнот берган. Мамдани 21 сентябрь куни Нетаньяхуни “ҳарбий жиноятчи ва Фаластин халқига қарши даҳшатли геноцид меъмори” деб атаган эди.

“Мен БМТга келяпман. Мен қаҳрамон аскарларимиз ҳақидаги ҳақиқатни айтаман ва сиз ҳақингиздаги ҳақиқатни ҳам айтаман”, деган Нетаньяху қисқа видеомурожаатида Нью-Йорк мэрига мурожаат қилиб.

“Сиздан уялиш керак, жаноб Мамдани. Одамларимизни қирган ҲАМАС террорчи махлуқларини қўллаб-қувватлаётганингиздан уялишингиз керак. Нью-Йорк яҳудийларига қарши тартибсизликларни қўзғатаётганингиздан уялишингиз керак”, деган Нетаньяху.

Маълум қилинишича, республикачиларнинг айрим сиёсий рақиблари Мамданини антисемитизмда айблаган. Улар бунга унинг Фаластинни қўллаб-қувватлаши ва Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини танқид қилишини сабаб сифатида келтирган.

Мамдани эса антисемитизмни қоралаган ва Исроил ҳукуматининг ҳаракатларини танқид қилиши нотўғри равишда антисемитизм билан тенглаштирилаётганини айтган.

Исроил расмийларининг маълумотларига кўра, ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги Исроилга ҳужуми оқибатида қарийб 1 200 киши ҳалок бўлган, яна 251 киши гаровга олинган. Исроил бунга жавобан ҲАМАСнинг ҳарбий ва бошқарув салоҳиятини йўқ қилишга қаратилганини билдирган ҳаво ва қуруқликдаги ҳарбий амалиётни бошлаган. 

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, ўша вақтдан бери 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Ушбу рақам аскарлар ва тинч аҳоли ўртасидаги фарқни кўрсатмайди.

Исроил Ғазода фаластинликларга қарши геноцид содир этганини рад этиб келади. Мамлакат ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар ҲАМАС жангариларига қарши олиб борилаётганини ва гуруҳ тинч аҳоли орасида яширинганини таъкидлайди.

Нетаньяхунинг матбуот котиби Дорон Шпилман ўтган ҳафта “Reuters” агентлигига Бош вазир БМТда бошқа ҳар қандай жаҳон етакчисидан кўра кўпроқ марта нутқ сўзлаганини айтган.

“У бу платформадан Исроил ҳақида кўпинча ёлғон тасаввурни қабул қиладиган давлатлар форумида ҳақиқатни айтиш учун фойдаланади”, деган Шпилман.

“Бу Исроил Бош вазири туриб, ҳақиқатни дунёга тақдим этиши керак бўлган энг муҳим минбарлардан бири. Бизнинг мақсадимиз шу. У ҳеч кимдан қўрқмайди. У мэр Мамданидан ҳам қўрқмайди”, дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун, Исроил Бош вазири эртага, 24 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамдани аввалроқ Нетаньяхуни ҳибсга олишини айтган, бироқ кейинчалик буни амалга ошириш ваколатига эга эмаслигини тан олганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends