Шимолий Корея баллистик ракета учирилишини “ўт очиш ҳужуми” деб атади

World

image

Шимолий Корея аввал хабар қилинган қисқа масофали баллистик ракета учирилишлари артиллерия ва ракета бўлинмалари иштирокидаги жонли ўқ отиш машғулотлари доирасида амалга оширилганини билдирди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги (KCNA) хабар берди.

Агентликка кўра, машғулотда армиянинг 5 та бўлинмаси иштирок этган. Унда зарба берувчи дронлар, тактик қанотли ва баллистик ракеталар, шунингдек, йирик калибрли кўп стволли реактив тизимлар қўлланган.

Шимолий Корея машғулотни “қўшма ўт очиш ҳужуми” деб атаган. Унинг мақсади ҳарбийларнинг руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш бўлган.

Жанубий Корея ҳарбийлари аввалроқ Шимолий Корея шарқий денгиз томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракета учирганини маълум қилганди. Ракеталар қарийб 250 километр масофани босиб ўтган.

Машғулотлар Жанубий Корея, АҚШ ва Япония иштирокидаги 5 кунлик қўшма ҳарбий машғулотлар якунланганидан кейин ўтказилган. Ушбу машғулотлар Шимолий Кореянинг ракета ва бошқа ҳарбий таҳдидларига қарши тайёргарликни синовдан ўтказишга қаратилган.

Кённам университети профессори Им Иль Чхулнинг фикрича, машғулот Шимолий Кореянинг турли қурол тизимларини ягона қўмондонлик остида мувофиқлаштириб, комплекс зарба бериш имкониятини намойиш этган.

Маълумот учун, бу Шимолий Кореянинг 2026 йилда баллистик ракеталар билан боғлиқ қайд этилган 13-фаолияти бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Пентагонга Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларни “сезиларли даражада қисқартириш”ни буюрганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends