Шавкат Мирзиёев шахматчиларни тарихий ғалаба билан табриклади

Local

−

image

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон шахмат терма жамоаси аъзоларини 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида эришган тарихий ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари шахматчиларнинг икки карра Олимпиада чемпиони бўлганини таъкидлаб, уларнинг халқаро мусобақадаги иштирокини юқори баҳолаган.

“Дунё шахмат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб порлаган сиз, азиз фарзандларимни 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида эришган тарихий ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман. Икки карра олимпиада чемпиони деган юксак шарафли унвон, буюк зафар барчамизга, кўпмиллатли халқимизга муборак бўлсин!”, дея табриклади давлат раҳбари.

Қайд этилишича, 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида 200 дан зиёд мамлакатдан 2 мингга яқин энг кучли ва машҳур гроссмейстерлар ҳамда номдор жамоалар иштирок этган.

“Мана шу ғоят ҳаяжонли онларда 200 дан зиёд мамлакатдан 2 мингга яқин энг кучли ва машҳур гроссмейстерлар, номдор жамоалар иштирок этган муросасиз беллашувларда кўрсатган ақл-заковатингиз, юксак иродангиз, маҳорат ва жасоратингиз учун бутун эл-юртимиз, дунё шахмат жамоатчилиги сизларга тасаннолар айтмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.

Мамлакат етакчиси шахматчиларни “Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари” деб атаб, уларнинг жаҳон шахматида янги тарих яратганини қайд этган.

“Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади”, дея билдирган давлат раҳбари.

Шунингдек, шахматчилар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк аждодларга муносиб ворис эканини амалда намоён этгани таъкидланган.

Президент терма жамоанинг мусобақадаги асосий ғалабаларига ҳам алоҳида тўхталган.

“Сизлар амалдаги Олимпиада чемпиони – Ҳиндистон жамоасини мағлуб этдингиз. Қадимий шахмат мактаби ва кўплаб гроссмейстерларга эга бўлган Хитой жамоаси устидан тарихий ғалабани қўлга киритдингиз. Дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келаётган, олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ жамоасидан ҳам устун келдингиз”, деган давлат раҳбари.

Нодирбек Абдусатторовнинг натижасига алоҳида эътибор қаратилган. У барча ўйинлар давомида мағлубиятга учрамасдан, биринчи тахтада олтин медални қўлга киритган.

“Нодирбек Абдусатторов барча ўйинлар давомида мағлубият нима эканини билмасдан, чинакам жамоа лидери эканини исботлаб, биринчи тахтада олтин медаль соҳиби бўлди”, дея унинг натижасини алоҳида эътироф этган Президент.

Нодирбек Ёқуббоевнинг ҳам жамоа ғалабасига қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилган.

“Нодирбек Ёқуббоев эса Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ вакилларига қарши муросасиз баҳсларда чинакам ирода ва матонат кўрсатиб, жамоамиз учун ҳал қилувчи ғалабаларни таъминлаганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президент Ёқуббоевнинг ҳиндистонлик Ниҳал Сарин билан баҳсини ҳам алоҳида тилга олган.

“Айниқса, Ёқуббоевнинг ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши беллашуви ҳақиқий драматик жанг бўлди. Янги Ўзбекистон вакилининг энг қийин вазиятда ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларини кўриб, дунё шахмат мухлислари ҳайратдан қотиб қолди”, дея баҳолаган давлат раҳбари.

Жавоҳир Синдорoвнинг ҳам терма жамоа ғалабасидаги ҳиссаси эътироф этилган.

“Яна бир мард ўғлонимиз, Жавоҳир Синдорoв чемпионларга хос ўйин кўрсатиб, умумий ғалабага катта ҳисса қўшди”, деган мамлакат етакчиси.

Мусобақада илк бор иштирок этган Муҳиддин Мадаминовнинг натижаси ҳам юқори баҳоланган.

“Бундай йирик халқаро мусобақада биринчи марта иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ўғлимизнинг кучли рақибларига кутилмаган зарбалар бергани ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамагани юксак баҳога муносибдир”, деган давлат раҳбари.

Шамсиддин Воҳидовнинг Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия вакилларига қарши баҳсларда муҳим очколарни қўлга киритгани ҳам эслаб ўтилган.

“Шамсиддин Воҳидов Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия вакилларига қарши муросасиз ўйинларда ўзини йўқотмасдан, муҳим очколарни олишга эришгани ҳам мухлислар хотирасида сақланиб қолади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари терма жамоанинг умумий натижасини алоҳида баҳолаб, Ўзбекистонда шаклланган шахмат мактабига эътибор қаратган.

“Бир сўз билан айтганда, терма жамоамиз аъзоларининг ҳар бири ўзига ишониб, фақат олдинга қараб борганини кўриб, Янги Ўзбекистонда қандай буюк шахмат мактаби, шахматчилар авлоди шаклланганига бутун дунё тан берди”, дея таъкидлаган Ўзбекистон етакчиси.

Мусобақада иккинчи таркиб билан қатнашган жамоанинг натижаси ҳам Президент томонидан қайд этилган.

“Мусобақаларда иккинчи таркиб билан иштирок этган жамоамиз қайд этган натижа ҳам бизни қувонтиради”, дея билдирган Шавкат Мирзиёев.

Жаҳонгир Воҳидовнинг жамоани совринли ўринлар сари бошлагани, Испания, Англия ва Нидерландия вакиллари устидан ғалабалар қозонилгани алоҳида эътироф этилган.

“Жаҳонгир Воҳидов ўғлим кучли ирода кўрсатиб, ушбу жамоамизни совринли ўринлар сари бошлади. Испания, Англия ва Нидерландия каби давлатлар вакиллари устидан қозонилган ишончли ғалабалар унутилмас тарихга айланди”, дея таъкидлаган Президент.

Аёллар терма жамоасининг натижаси ҳам мурожаатда қайд этилган.

“Аёллар жамоамиз ҳам кескин курашларда ҳақиқий матонат намунасини кўрсатди. Улар АҚШ жамоаси билан тенгма-тенг баҳс олиб борганлари, 11 та турда 7 та ютуққа эришиб, ўн учинчи ўринни қўлга киритгани ҳам муҳим натижадир”, деган давлат раҳбари.

Самарқанд олимпиадасида парашахматчилар илк бор бронза медалини қўлга киритгани ҳам таъкидланган. Селби шахсий ҳисобда кумуш, Абдулазиз бронза медалига сазовор бўлган, Аҳадхон эса мусобақада мағлубиятга учрамаган.

“Селби қизим шахсий ҳисобда кумуш, Абдулазиз ўғлим бронза медалига сазовор бўлгани, Аҳадхон ўғлим умуман мағлуб бўлмагани мени жуда хурсанд қилди”, дея парашахматчиларнинг натижасидан мамнунлигини билдирган Президент.

Шавкат Мирзиёев барча шахматчилар тимсолида билим ва ирода соҳиби бўлган ёшларни кўришини таъкидлаган.

“Эл-юртимиз барча шахматчиларимиз тимсолида кучли билим ва ирода соҳибларини, катта-катта марраларни забт этишга қодир бўлган Янги Ўзбекистон ёшларини кўради”, деган у.

Президент мамлакатда шахмат ривожига берилаётган эътибор, яратилган тизим ва шароитлар спортчиларнинг натижаларида муҳим омил бўлганини қайд этган.

“Мамлакатимизда шахмат ривожига берилаётган доимий эътибор, йўлга қўйилган самарали тизим ва қулай шароитлар сизлар эришган натижаларни таъминлашда муҳим омил бўлди. Яқинда бу борада яна бир Президент қарорини қабул қилдик. Ушбу ҳужжат яқин келажакда янада улкан натижалар учун, албатта, мустаҳкам замин яратади”, дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Шунингдек, Ўзбекистон шахмат федерацияси FIDE томонидан 2026 йилда “Энг яхши федерация” номинациясида ғолиб деб топилгани қайд этилган. Рустам Қосимжонов FIDE'нинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса FIDE'нинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайлангани ҳам мамлакат шахматининг халқаро майдондаги мавқеи билан боғланган.

Президент Самарқандда икки ҳафта давомида ўтказилган мусобақаларнинг кўлами ҳақида ҳам фикр билдирган.

“Икки ҳафта давомида азим Самарқанд шаҳри бамисоли жаҳон шахматининг пойтахтига айланди. Бу ерда бўлиб ўтган нуфузли мусобақалар, қатнашчи давлатлар ва шахматчилар сонига кўра, рекорд натижалар билан тарихга кирганини алоҳида таъкидлаш лозим”, деган Шавкат Мирзиёев.

У умумий ғалабанинг Самарқандда қўлга киритилгани шаҳарнинг тарихий аҳамиятини янада оширганини қайд этган.

“Барчамизнинг умумий ғалабамиз уч минг йиллик бой тарих ва маданият овози келиб турган, XIV-XV асрларда Иккинчи Ренессанс марказларидан бири бўлган бу буюк шаҳарда қўлга киритилгани унинг қадр-қимматини янада оширмоқда”, деган Президент.

Ўзбекистон раҳбари жорий йил ноябрь ойида Жавоҳир Синдорoв иштирокидаги жаҳон тожи учун беллашувни ҳам тилга олган.

“Шу йил ноябрь ойида бизни яна бир катта шахмат байрами кутиб турибди. Жаҳон тожи учун бўладиган тарихий беллашувда шахматимиз фахри Жавоҳир Синдорoвдан барчамиз улкан зафарларни кутиб қоламиз. Сен бунга албатта қодирсан, Жавоҳир, болам!” дея унга ишонч билдирган Шавкат Мирзиёев.

Мурожаат якунида Президент 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган шахматчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига миннатдорлик билдирган.

“Фурсатдан фойдаланиб, 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида ватанимиз шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган ўғил-қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига, терма жамоамизнинг барча аъзоларига чин дилдан самимий миннатдорлик билдираман”, деган давлат раҳбари.

Шунингдек, мусобақаларни юқори даражада ташкил этган Самарқанд вилояти аҳолиси, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ва барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдирилган.

“Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, келгуси фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Бизга мана шундай буюк шукуҳ, улуғ зафарларни тақдим этган шахматчи фарзандларимиз доимо соғ-омон бўлсин! Сизларга ҳамиша порлоқ ғалабалар ёр бўлсин, азиз болаларим!”, дея шахматчиларга тилак билдирган Президент.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends