Шахмат олимпиадаси ғолибларига қанча пул берилиши маълум бўлди
Sport
−
13:29 2367 2 minutes
Ҳозирда Самарқанд шаҳрида давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ўзбекистонлик шахматчилар ғолибликни қўлга киритса, 200 минг АҚШ доллари пул мукофоти олади. Бу ҳақда ““Нуфузли халқаро шахмат мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларини муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, халқаро нуфузли шахмат мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган шахматчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган мураббийларни муносиб рағбатлантириш мақсадида бир марталик пул мукофотлари миқдори оширилади.
Ҳужжатга кўра, Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадасида катталар ўртасида ғолибликни қўлга киритган шахматчига 200 минг АҚШ доллари, кумуш медаль соҳибига 100 минг доллар, бронза медаль соҳиби учун эса 50 минг доллар миқдорида мукофот берилади. Илгариги тартибда ушбу мукофотлар мос равишда БҲМнинг 2000, 1000 ва 500 баравари – 880 миллион, 440 миллион ва 220 миллион сўмни ташкил этган.
Ёшлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадаси ғолибларига ҳам янги миқдордаги мукофотлар белгиланди. Олтин медаль учун 20 минг доллар, кумуш медаль учун 10 минг доллар, бронза медаль учун эса 5 минг доллар берилади.
FIDE таснифига кўра, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлган шахматчи 15 минг доллар, кумуш медаль соҳиби 7,5 минг доллар, бронза медаль соҳиби эса 3 минг 750 доллар миқдорида рағбатлантирилади. Илгариги тартибда бу мукофотлар БҲМнинг 300, 150 ва 75 баравари – мос равишда 132 миллион, 66 миллион ва 33 миллион сўм эди.
FIDE таснифига кўра, Осиё миқёсидаги мусобақаларда олтин медаль учун 10 минг доллар, кумуш медаль учун 5 минг доллар, бронза медаль учун эса 2 минг 500 доллар миқдорида мукофот тўланади. Аввал бу миқдорлар БҲМнинг 70, 35 ва 17,5 баравари – 30 миллион 800 минг, 15 миллион 400 минг ва 7 миллион 700 минг сўмни ташкил этган.
Шунингдек, халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган шахматчиларга 5 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Илгариги тартибда ушбу сумма БҲМнинг 100 баравари, яъни 44 миллион сўм эди.
Қарор билан халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган шахматчилар билан бир қаторда уларни тайёрлаган мураббийларни ҳам муносиб рағбатлантириш кўзда тутилган.
Live
All