Сербия телеканали Вучич даврида сукут сақлагани учун узр сўради

World

−

image

Сербиянинг Воеводина радио ва телевидениеси (RTV) жонли эфирда томошабинлардан кўп йиллар давомида воқеаларни бир томонлама ёритгани ва муаммолар ҳақида сукут сақлагани учун узр сўради. Бу ҳақда “N1” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, телеканалнинг янгиликлар дастурида Сербияда сайловлардан кейин аҳолининг байрам қилаётгани акс этган кадрлар намойиш этилган. Шундан сўнг, бошловчи Горан Эрор ушбу лавҳалар RTV ўтган тунда томошабинларга кўрсатмаган воқеаларнинг фақат бир қисми эканини айтган.

“Жамоат телерадиокомпанияси кўп йиллар давомида ўз вазифасини бажармади. Муаммолар ҳақида сукут сақланди, кўп нарсага кўз юмилди, ахборот бир томонлама тақдим этилди, воқеалар танқидсиз ёритилди. Керакли саволлар берилмади ёки умуман савол берилмади. Бунинг учун томошабинлардан узр сўрашимиз керак”, деган бошловчи.

Эрорнинг айтишича, айрим ходимлар журналистлар ва муҳаррирларнинг эркин ишлаши учун курашган, бироқ бу курашда ўз вақтида ғалаба қозона олмаган. Шунга қарамай, у бу йўналишдаги ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини билдирган.

Ушбу воқеадан сўнг RTV биринчи телеканали бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Ненад Чачич истеъфога чиққан.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 октябрь куни Сербияда муддатидан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Сайловда мамлакатнинг собиқ президенти Александр Вучич ҳам иштирок этган. У бундан бир ой олдин президентлик лавозимини тарк этган, бироқ сайловда ғалаба қозонилган тақдирда бош вазир бўлишни режалаштирган эди. Сайлов якунларига кўра, Вучичнинг партияси 2024 йилда бошланган норозилик намойишлари ортидан шаклланган “Талабалар рўйхати” ҳаракатига ютқазган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends