Ҳусийлар тавбасига таянади: тарихий келишув кучга кирди

Review

−

Reklama
0:00

Ташкил этилганида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган, халқаро майдонда “Мусулмон НАТОси” деб эътироф этилган тузилма ва ниҳоят чиндан ишлаши мумкин. Жорий йилнинг 5 октябрь куни Анқара ва Исломобод Макка пакти доирасида Саудия Арабистонида ҳарбий контингентларини жойлаштиришини маълум қилди. Бу эса ўз навбатида ҳусийларга қарши туришда Ар-Риёд ёлғиз эмаслигини англатади.

Эроннинг “учинчи қўли” ҳисобланувчи Ямандаги Ансаруллоҳ ҳаракати ёки бошқача қилиб айтганда, ҳусийлар гуруҳи жорий йилнинг август ойидан бошлаб Саудия ҳудудларига жиддий зарбалар бера бошлаган эди. Шу йилнинг 7 август куни тузилган Макка пакти аъзолари узоқ муддатли сукутдан сўнг ва ниҳоят илк амалий ҳаракатга қўл урмоқда. Янги блок сифатида оғизларда достон бўлган тузилма ана энди чиндан қоғоздаги ўзаро мудофаа келишувидан реал ҳарбий иттифоққа айланиши мумкин.

Хўш, бир ядровий давлат ва бир НАТОчи ўз иттифоқчисини ҳимоя қила оладими?

Эрон проксилари Саудияга қарши

АҚШнинг Эрондаги ҳаракатлари буткул назоратдан чиқиб кетди. Ҳужумлардан олдин ишланган режаларнинг бари чиппакка чиқди. Ҳатто урушнинг чегаралари кенгайиб, Саудия ҳудудларига ҳам етиб борди.

7 август куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон Макка шаҳрида қўшма мудофаа келишувини имзолаган эди. Унинг асосий тамойили шундан иборатки, уч давлатдан бирига қарши қуролли ҳужум қолган икки давлат хавфсизлигига ҳам таҳдид сифатида кўрилади. Шу жиҳатдан келишув НАТОнинг 5-моддасини эслатади. Бироқ Макка пактининг тўлиқ матни оммага эълон қилинмаган ва унинг аниқ ҳарбий мажбуриятлари буткул маълум эмас.

Тузилмани ташкил этишдан мақсадлар ҳақида ҳам турли фаразлар мавжуд. Кимдир буни мусулмон оламининг бирлашуви деб кўрсатса, яна кимдир Яқин Шарқдаги уч кучнинг геосиёсий майдонда ягона қудрат сифатида кўрсатишни асосий кўзланган вазифа сифатида талқин этади. Сунний давлатларнинг бундай ҳарбий иттифоқидан мақсад АҚШ Эронни мазҳаб жиҳатдан ёлғизлатиб қўйиб, уни ҳар томондан ўраб олмоқчи мазмунидаги таҳлиллар ҳам бўлди. Бундай “бўғиш” эса Теҳрондаги ҳукуматга ёқмагани аниқ ва натижада ўртага Саудиянинг узоқ вақтдан бери бош оғриғи бўлиб келаётган ҳусийлар ҳаракати қўшилди.

Аслида ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужумлари Макка пактидан олдинроқ бошланган эди. Гап Эроннинг минтақадаги таъсирини сақлаб туриш учун бўлиб ўтган тарихий ҳаракатлар ҳақида эмас, балки шу йилда содир этилган ҳарбий можаро ҳақида кетмоқда.

Илк ҳужумлар 13 июль куни бошланган эди. Шу куни ҳусийлар Саудия Арабистонининг жанубий ҳудудига баллистик ракета орқали ҳужум уюштирди, бироқ ушбу ракета Саудия ҳаво мудофаа кучлари томонидан уриб туширилди. Бу 2022 йилдаги сулҳдан бери биринчи марта амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар эди. Аммо муҳим томони бу тўғридан-тўғри ҳужум эмас, балки жавоб зарбаси бўлган. Негаки, аввалроқ Саудия ва АҚШ ҳамкорлигидаги коалиция Сана халқаро аэропортига зарба берган эди. Шундан сўнг Яқин Шарқда яна бир фронт очилди.

5 октябрь куни Саудия Арабистони “Яман тонги” номли операцияни бошлади. Операциядан мақсад Санани қайтариб олиш ва Ямандаги ҳусийлар назоратига чек қўйиш эканлиги эълон қилинди. 100 га яқин Саудия самолётлари операция доирасида ҳусийларга алоқадор юзлаб нишонларга зарба берган.

“Reuters” нашри хабарига кўра, ҳукумат кучлари Боб ал-Мандаб бўғози яқинидаги қирғоқ ҳудудларида олдинга силжишлар мавжуд. Саудия бошчилигидаги коалиция ҳам операцияда иштирок этганини тасдиқлаган. Бу эса можаро энди фақат ракета ва дронлар алмашинуви билан чекланмай, қуруқликдаги жанглар билан ҳам кескинлашаётганини кўрсатади.

Яман Қуролли Кучлари матбуот котиби, бригада генерали Яҳё Сария эса Саудия кучларига етказилган талафотлар ва зарарлар илгари кузатилмаган даражада бўлганини билдирди.

“Қуролли Кучлар қуруқликда эришилган барча ютуқлар устидан тўлиқ назорат ўрнатган, душман тарғиботи эса ўз хўжайинларининг ишончини қозониш учун уйдирма қаҳрамонликлар ҳақида эртаклар тўқимоқда”, деб ёзади у.

Ямандаги ҳусийларнинг ўзи ҳам Саудияга қатор ҳужумларни давом эттирмоқда. Асосан узоқ масофали ракеталар ва “Samad” ҳамда “Qasef” туридаги камикадзе-дронларга таянаётган Ансоруллоҳ ҳаракати ҳам Саудия ҳудудидаги нефть инфратузилмалари, аэропортлар, ҳарбий базалар ва электр станцияларига ҳужум уюштирмоқда.

“Associated Press” нашрининг хабарига кўра, гуруҳ Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропорти, Абха аэропорти ва Саудиянинг жануби-ғарбидаги бир қатор ҳарбий объектларга ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилганини даъво қилган. Саудия бошчилигидаги коалиция вакили эса Риёд шимолида битта баллистик ракета тутиб қолинганини маълум қилди.

Туркия ва Покистон ёрдам бера оладими?

Арабистон яриморолидаги вазиятнинг кескинлашиши фонида 25 сентябрь куни Туркия, Покистон ва Саудия ҳарбий раҳбарлари Риёдда шошилинч музокаралар ўтказган эди. 5 октябрь куни эса ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда ҳарбий қўмондонлар яна Саудия пойтахтида йиғилди. Учрашув якунида иттифоқнинг жамоавий мудофаа мажбуриятларини амалиётга татбиқ этиш, зарур ҳарбий куч ва имкониятларни Саудия Арабистонига тезкор жойлаштиришга келишилди.

“Қўмита жамоавий мудофаа соҳасидаги мажбуриятларни амалга оширишга зудлик билан киришиш ва келишилган қуролли кучлар ҳамда ҳарбий салоҳиятни тақдим этиш бўйича зарур чораларни кўриш, шунингдек, тасдиқланган келишувлар ва томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ уларни подшоҳлик ҳудудида тезкор жойлаштиришни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу билан жанговар шайлик оширилади, ҳарбий интеграция чуқурлаштирилади ва таҳдидларга қарши туриш ҳамда уларни қайтариш бўйича жамоавий салоҳият мустаҳкамланади”, дейилади баёнотда.

Аммо эълон қилинган келишувда Саудия Арабистонига қанча аскар юборилиши, қайси ҳарбий қисмлар жалб қилиниши ёки улар қачон тўлиқ жойлаштирилиши ҳақида аниқ рақамлар келтирилмаган. Томонлар ҳарбий кучлар ва имкониятларни тезкор жойлаштиришга келишган, холос.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Саудияга айнан қандай ёрдам берилиши батафсил муҳокама қилинганини айтган бўлса-да, якуний қарорга кўра, юбориладиган ҳарбий кучлар ва уларга юклатилган вазифа ҳақида аниқ тафсилотларни очиқламаган.

“Биз Саудия Арабистони мудофаасига қандай ёрдам кўрсатиш мумкинлиги ва муаммони тинч йўл билан, мулоқот орқали ҳал қилиш учун нималар қилиш мумкинлигини батафсил ва ҳар томонлама муҳокама қилдик”, дейди у.

7 октябрь куни “Reuters” икки турк расмийсига таяниб, Анқара Саудия Арабистонига асосан техник ва мудофаа ёрдами юбораётганини хабар қилди. Бу ёрдам таркибида ҳарбий техника, разведка маълумотлари, қурол тизимлари, дрон операторлари, логистика ва ҳаво мудофаасини такомиллаштириш бўйича кўмак борлиги айтилмоқда. Аммо Туркия ҳозирча Макка пакти доирасида Саудия ҳудудига катта миқдорда жанговар қўшин киритгани ҳақида расман маълумот бермаган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса Яман масаласини дипломатия ва мулоқот орқали ҳал қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилганини таъкидлади. Бу эса Макка пактининг кўп мақталган 4-моддасидан қочишдек кўринади. Негаки, Туркия Яман урушида бевосита жанг қиладиган томон сифатида қатнашишни истамайди. Шунингдек, Эрдўған ҳукумати Эрон билан ҳам муносабатларни сақлаб келмоқда. Ҳусийларнинг асосий ташқи таянчларидан бири сифатида кўриладиган Теҳронга қарши Саудия билан бирга тўлиқ ҳарбий кампанияга киришиш Туркиянинг минтақадаги бошқа дипломатик ҳисоб-китобларини мураккаблаштириши мумкин.

“The National” нашрининг таҳлилларига кўра, Туркия катта эҳтимол билан Яман ичкарисига қўшин киритмайди, бунинг ўрнига ҳаво ва ракета мудофааси, разведка, ҳарбий маслаҳат ва логистика каби йўналишларда ёрдам бериши мумкин.

Покистоннинг ҳолати эса бироз бошқача. Исломобод Саудия Арабистони билан анчадан бери ҳарбий ҳамкорлик қилиб келади. Ҳатто Макка пакти тузилишидан олдин ҳам Саудия ҳудудида покистонлик ҳарбийлар бўлган. Май ойида Покистон Саудия Арабистонида 8 мингга яқин ҳарбий, тахминан 16 та JF-17 қирувчиси, икки дрон эскадрильяси ва Хитойда ишлаб чиқарилган HQ-9 ҳаво мудофаа тизимини жойлаштирган эди. Маълумотларга кўра, бу кучларнинг катта қисми ҳусийларга қарши курашда фаол иштирок этиши мумкин.

Қизиғи, Покистоннинг ҳам ҳозирча янги урушга шўнғишга шошилаётгани кўринмайди. Исломобод Макка пактининг ишга туширилишини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ҳарбий жойлаштиришнинг аниқ миқдори ва операцион тафсилотларини ошкор қилмаган. Покистон расмийлари бундай маълумотлар операцион махфийликка тегишли эканини билдирган.

“Уларга қандай ёрдам керак бўлса, шу кўрсатилмоқда. Аммо ҳозирда Туркия ва Покистон армиялари қўллаб-қувватловчи роль ўйнамоқда”, деди Покистон делегацияси таркибида бўлган мудофаа вазири Хаважа Осиф.

Шунингдек, Покистон Мудофаа вазири Хаважа Осиф бу ерда диний фактор борлигини, Макка пакти каби келишув бўлмаган тақдирда ҳам Саудия қўллаб-қувватланишини алоҳида эътироф этди.

“Агар келишув бўлмаганида ва Саудия Арабистонига ҳужум қилинганида, айниқса Макка ва Мадинанинг муқаддас шаҳарларига хавф солинса, биз абадий келишувга боғланганмиз, яъни биз Аллоҳнинг уйи ва Мадинани ҳимоя қиламиз. Уларни ҳимоя қилиш бизнинг диний бурчимиздир. Ҳа, дунёвий келишувлар мавжуд ва уларнинг муқаддаслиги бор, биз ҳам уларни ҳурмат қиламиз, лекин агар Аллоҳнинг уйига ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом туғилган жойга ҳужум қилинса, унда бирон-бир жойда ўтирган мусулмон охир-оқибат бирорта келишувни кутишга мажбур бўлмайди. Уни ҳимоя қилиш – бу бизнинг диний бурчимиз”, дея қўшимча қилган у.

Шунга қарамай, ҳали Исломобод томондан ҳам пакт доирасида қўшимча ҳарбий кучларни жўнатиш масаласи аниқ кўрсатилмаган.
Албатта, бу эҳтиёткорликнинг сабаби бор. Покистон бир томондан Саудия Арабистонининг яқин ҳарбий ҳамкори, иккинчи томондан эса Эрон билан чегарадош давлат ва Теҳрон билан мулоқот каналларини сақлаб қолишга уринаётган мамлакат. Унинг Теҳрон билан муносабатлари нафақат қўшничилик, балки АҚШ билан бўлаётган урушда сулҳ ўрнатувчи нейтрал томон сифатида ҳам мавжуд. Агар Покистон армияси Яман ҳудудида ҳусийларга қарши тўғридан-тўғри жанг қилса, Исломободнинг воситачилик имкониятлари ва Эрон билан муносабатлари жиддий зарар кўриши мумкин.

Шунга қарамай, ислом олами бирлаша олмаяпти, пакт ишламаяпти деган салбий фикрни ёйишдан йироқмиз. Аслида бу ёрдамнинг ўзи ҳам Саудияга сезиларли устунлик бериши мумкин. Сабаби ҳусийларнинг асосий қуроли ракеталар ва дронлардир. Демак, уларга қарши курашда Саудия учун яна минглаб пиёда аскардан кўра, ҳаво мудофааси, радарлар, разведка, учувчисиз аппаратлар, электрон кузатув ва нишонни аниқлаш тизимлари муҳимроқ бўлиши мумкин. Туркиянинг технологик имкониятлари ва Покистоннинг узоқ йиллик Саудия билан ҳарбий ҳамкорлиги бу ерда асқатиши аниқ.

Бироқ муаммо Саудия осмонини ҳимоя қилиш билангина тугамайди. Ҳозир Яман ичкарисида ҳам жанглар кучайган. Саудия қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучлари ҳусийлар назоратидаги ҳудудларни қайтариш учун ҳужум бошлаган. Жангларнинг марказида эса стратегик Боб ал-Мандаб бўғози турибди. Бу Қизил денгизни Адан қўлтиғи билан боғлайдиган ва халқаро савдо ҳамда энергетика оқими учун муҳим денгиз йўли.

Гарчи Саудиянинг мудофааси ишончли қўлларда бўлса-да, ҳусийларга қарши курашиш ва муҳим стратегик нуқталарни эгаллашда араб қўшинларига ёрдам керак бўлиши мумкин. Иттифоқчиларнинг фақат мудофаа зонаси билан чекланиши эса Макка пактини НАТОнинг Шарқдаги муқобили сифатида намоён бўлишига тўсқинлик қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Макка пакти – бу мудофаа келишуви, ҳужум келишуви эмас. Иттифоқни ҳарбий блок сифатида кўриш қийин, уни НАТОга қиёслаш ҳам тўғри эмас. Аммо бир нарса аниқ: ушбу тузилманинг истиқболи айнан шу уруш даврида синовдан ўтади.


Author

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends